Марс чанги сайёра юзасининг деярли ҳамма жойида учрайди. У тоғ жинсларининг емирилиши натижасида ҳосил бўлади, шамол билан кўчади ва чанг бўронлари пайтида атмосферага кўтарилади.

Бу чанг ҳозирнинг ўзидаёқ Қизил сайёрада ишлаётган аппаратлар учун муаммо туғдиради. У қуёш панеллари ва датчиклар устига ўтириб қолади. Келажакда эса астронавтларнинг скафандрлари, тадқиқот базалари жиҳозлари ва яшаш модулларига ҳам тушиши мумкин.

Perseverance 2021 йилдан буён Езеро кратери ҳудудини ўрганмоқда. У қадимий тоғ жинсларини текширади, ўтмишда ҳаёт учун қулай шароитлар мавжуд бўлганини кўрсатувчи белгиларни излайди ва кейинчалик Ерга олиб келиш эҳтимоли учун намуналар тўплайди.

Марсоходда материалларнинг кимёвий таркибини аниқлайдиган PIXL рентген асбоби ўрнатилган. Унинг калибровка нишонларида тефлон ва базальт шишаси намуналари бор. Бошқа бир асбоб — SHERLOC’нинг калибровка қисмига эса скафандрлар учун мўлжалланган материаллар, жумладан, тефлон ва мустаҳкам Vectran матоси жойлаштирилган.

Скотт Ван Боммел бошчилигидаги халқаро тадқиқотчилар гуруҳи ана шу юзаларда чанг қандай тўпланганини таҳлил қилди. Олимлар рентген ўлчовлари ва ҳисоблаш модели ёрдамида заррачаларнинг таркиби ҳамда ўлчамларини баҳолади.

Ҳисоб-китобларга кўра, PIXL’нинг тефлонли калибровка нишонидаги чанг заррачаларининг ўртача ўлчами тахминан 1400 нанометрни, базальт шишаси устидагиларники эса атиги 140 нанометрни ташкил этган. Скафандр материаллари намуналарида бу кўрсаткич Vectran матоси учун 2100 нанометр, тефлон учун эса 300 нанометр деб баҳоланган.

Бу рақамлар алоҳида чанг заррачаларини бевосита суратга олиш орқали олинмаган. Олимлар уларни юзада тўпланган қатлам қалинлиги асосида ҳисоблаб чиққан. Шу боис айрим заррачалар амалда бундан ҳам майдароқ бўлиши мумкин.

Таҳлил чанг таркибида кремний, темир ва олтингугурт бирикмалари борлигини, шунингдек, у фосфорга бойиганини кўрсатган. Энг майда заррачалар электр зарядлари таъсирида юзаларга ёпишиб қолиши мумкин. Матода эса толаларнинг ўзаро тўқилиши уларни ушлаб туради. Натижада чанг марсоход ҳаракатланганида ва тебранганида ҳам материаллардан тўлиқ ажралмайди.

Келажакдаги астронавтлар учун бу икки хил муаммони келтириб чиқаради. Аввало, сайёра юзасида ишлаб қайтган одамнинг скафандрига ёпишган чанг яшаш модули ичига кириши мумкин. Ҳавога аралашган ўта майда заррачалар эса нафас йўлларининг табиий ҳимоя тўсиқларидан ўтиб кетиш эҳтимолига эга.