Экипаж таркибидан миссия командири Росс Элдер, илмий ходим Мэтю Монтгомери, тиббиёт ходими Эллен Эллис ҳамда борт муҳандиси Жеймс Спайсер ўрин олган эди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Астронавтлар 2025 йил 19 октябрдан буён изоляцияда эди. Бу вақт давомида улар NASA вакиллари билан худди Марсга парвоз чоғида кузатиладиган алоқа узилишлари (кечикишлари) шароитида мулоқот қилиб борди. Reuters нашрининг ёзишича, астронавтлар ўз модулининг ишлаш ҳолатини ҳам сақлаб турган ва Марсдаги фаолиятни имитация қилувчи вазифаларни бажарган. Масалан, улар ушбу сайёра грунтига ўхшаш тупроқда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирган.

Энди астронавтларни NASA олимлари билан биргаликда миссия натижаларини баҳолаш бўйича икки ҳафталик давр кутмоқда. Уларнинг мақсадларидан бири — астронавтлар узоқ муддатли космик парвозга, ундаги кун тартибига ва бажарилиши лозим бўлган вазифаларга қандай қилиб яхшироқ мослашиши мумкинлигини тушунишдан иборат. Бу шу каби иккинчи синов бўлди — 2023–2024 йилларда бошқа бир экипаж ҳам изоляцияда 378 кун ўтказган эди.

NASA Марсга бошқариладиган миссия ташкил этишни режалаштирмоқда. Унинг аниқ муддатлари белгиланмаган, бироқ парвоз 2030 йилларда амалга оширилиши мумкин, деб қайд қилди агентлик.