Миграция агентлиги маълумотига кўра, тўққиз ой давомида хориждаги ўзбекистонликларнинг маош, ҳужжатлар ва иш билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиш бўйича чоралар кўрилган.
Иш ҳақи ва компенсацияларни ундиришга оид ҳолатларнинг энг кўпи Россияда қайд этилган. Давлатлар кесимида кўрсаткичлар қуйидагича:
Россия — 533 та ҳолат;
Туркия — 155 та ҳолат;
Жанубий Корея — 92 та ҳолат;
бошқа давлатлар — 37 та ҳолат.
Ушбу мурожаатлар бўйича хорижий иш берувчилардан фуқаролар фойдасига жами 850 минг доллар ундириб берилган.
Бундан ташқари, воситачилар ва хорижий иш берувчиларда қолган шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни қайтариш бўйича ҳам ёрдам кўрсатилган. Натижада 532 нафар ҳамюртнинг ҳужжатлари қайтариб олинган:
Россияда — 331 та ҳолат;
Туркияда — 185 та ҳолат;
Қозоғистонда — 11 та ҳолат;
Жанубий Кореяда — 5 та ҳолат.
Миграция агентлиги хорижда ишлаш даврида қийин вазиятга тушган фуқаролар 1282 қисқа рақами ёки @huquqiy_yordam_uzbot орқали мурожаат қилиши мумкинлигини эслатган. Бот орқали мурожаатлар кеча-кундуз қабул қилинади.

















