Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қандай мақсадда ташкил этилган?
|18:0776517 мин
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ташкил этилган. Бироқ сайёрада тинчликни сақлашга қодир бўлган тузилмани яратиш ғояси анча олдин пайдо бўлган. Қуйида БМТ қачон ва нима учун ташкил этилгани ҳақида ҳикоя қиламиз.
Фото: Shutterstock БМТ штаб-квартираси биноси 1947–1952 йилларда ўша давр учун ўта замонавий услубда машҳур меъморлар Оскар Нимейер ва Ле Корбюзие иштирокида қурилган.Фото: Shutterstock БМТ штаб-квартираси биноси 1947–1952 йилларда ўша давр учун ўта замонавий услубда машҳур меъморлар Оскар Нимейер ва Ле Корбюзие иштирокида қурилган.
БМТ қандай ташкилот?
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) — аъзо давлатлар ўртасида сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро нотижорат ташкилоти. БМТнинг ўз Низоми бўлиб, унда аъзо давлатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари баён этилган. Ташкилотга аъзо бўлиш орқали мамлакат ҳужжатда белгиланган мақсад ва қоидаларга риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Қуйидагилар ташкилотнинг тўртта асосий мақсади ҳисобланади:
Сайёрада тинчликни сақлаш.
Мамлакатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш.
Қашшоқликка қарши курашиш, очлик ва касалликларни бартараф этиш, саводсизликни тугатиш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматни қарор топтиришда биргаликда ҳаракат қилиш.
БМТ Бош котиби Португалия собиқ бош вазири Антониу Гутерриш бўлиб, у 2022 йил 1 январда иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланган. БМТ эмблемасида зайтун шохлари билан ўралган дунё харитаси тасвирланган. Улар ташкилотнинг асосий вазифаси бутун дунёда тинчликни сақлаш эканини ифодалайди.
БМТнинг бош қароргоҳи бинолари Ню-Йоркдаги Манҳэттен оролининг шарқий қисмида, 42- ва 48-кўчалар, Биринчи авеню ҳамда Ист-Ривер бўғози оралиғида жойлашган. Белгиланган ҳудуд ичидаги майдон 70 минг кв. метрдан ортиқ бўлиб, халқаро ҳудуд ҳисобланади, бироқ АҚШ қонунларига бўйсунади. Ню-Йоркдаги бинолардан ташқари, БМТнинг Женева (Швейцария), Вена (Австрия) ва Найроби (Кения) шаҳарларида минтақавий қароргоҳлари мавжуд.
Фото: maps.google.ru
БМТда олтита тил расмий мақомга эга. Ҳужжатларнинг аксарияти инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларида нашр этилади. Бироқ ишчи тиллар инглиз ва француз тиллари ҳисобланади. Ташкилий тузилмасига келсак, БМТ фаолиятини олтита асосий орган бошқаради.
Бош ассамблея — асосий маслаҳатлашув, раҳбарлик ва вакиллик органи.
Хавфсизлик кенгаши
— тинчлик ва хавфсизликни сақлашга масъул. Кенгаш таркиби 15 та давлатдан иборат. Улардан бештаси доимий аъзолар (Россия, Хитой, Буюк Британия, АҚШ ва Франция) ҳисобланади. Қолган ўнта давлат эса доимий бўлмаган аъзо мақомига эга. Улар, одатда, икки йил муддатга сайланади. 2026 йилда доимий бўлмаган аъзолар - Баҳрайн, Колумбия, Конго Демократик Республикаси, Дания, Греция, Латвия, Либерия, Покистон, Панама ва Сомали.
Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш — кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва экологик масалаларни муҳокама қилиш майдони. Унинг таркибига Бош Ассамблея томонидан уч йил муддатга сайланадиган 54 та аъзо киради. Кенгашдаги ўринлар географик тамойил асосида тақсимланади.
Васийлик кенгаши — васийликдаги ҳудудларни назорат қилиш билан шуғулланган. 1994 йилгача бундай ҳудудлар 11 та бўлган (Камерун ва Тогонинг бир қисми, Танганика, Руанда-Урунди, Сомали, Янги Гвинея, Ғарбий Самоа, Каролин, Мариан ва Маршалл ороллари). Васийликдаги барча ҳудудлар ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига ёки мустақилликка эришган. Васийлик кенгаши фаолиятини тўхтатиб туришга қарор қилган, бироқ зарурат туғилганда йиғилиш ўтказиш ҳуқуқини сақлаб қолган.
Халқаро суд — иккита асосий вазифани бажаради: ҳуқуқий низоларни ҳал қилади ва юридик масалалар бўйича маслаҳат хулосаларини беради. Суд апелляция шикоятларини қабул қилмайди. Унинг қарори якуний ҳисобланади.
Котибият — бутун дунё бўйлаб жойлашган муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар. Ташкилотнинг кундалик иш фаолиятини айнан шу орган амалга оширади.
Санаб ўтилган органларнинг бештаси бош қароргоҳда (Ню-Йорк), Халқаро суд эса Гаага шаҳрида (Нидерландия) жойлашган. Шунингдек, БМТ турли фондлар, дастурлар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Улар қаторига БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ), Жаҳон банки, БМТ Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) ва бошқалар киради. Уларнинг ҳар бири нафақат ўз бюджети ва ваколатларига, балки алоҳида раҳбарияти ва қароргоҳига ҳам эга.
Сўнгги маълумотларга кўра, БМТда 193 мамлакатда камида 37 минг нафар ходим фаолият юритади. Ташкилот бюджети аъзо мамлакатларнинг бадаллари ҳисобига шакллантирилади. Бунда тўловлар бир нечта асосий кўрсаткичларни ҳисобга оладиган муайян шкала асосида ҳисобланади: мамлакатнинг тўлов қобилияти, ялпи миллий даромад, аҳоли сони.
2025–2027 йиллар учун белгиланган бадаллар шкаласига кўра, БМТнинг мунтазам бюджетига энг катта улуш қўшадиган давлатлар қуйидагилар: АҚШ — 22%, Хитой — 20,004%, Япония — 6,93%, Германия — 5,692%, Буюк Британия — 3,991%, Франция — 3,858%, Италия — 2,813%, Канада — 2,543%, Корея Республикаси — 2,349%, Россия — 2,094%.
БМТ қандай муаммолар билан шуғулланади?
БМТнинг 2026 йил учун мунтазам бюджети 3,45 миллиард доллар атрофида тасдиқланган. Бу 2025 йил бюджетига нисбатан 7 фоизга кам. Ушбу маблағлар котибият фаолияти, махсус сиёсий миссиялар, халқаро ҳуқуқ, гуманитар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишлари, барқарор ривожланиш ҳамда БМТнинг бошқа дастурларига сарфланади.
Мунтазам бюджетдан ташқари, тинчликни сақлаш операциялари (тинчликпарварлик фаолияти) учун алоҳида бюджет ҳам мавжуд. БМТ кўмагида 1962 йилдаги Кариб инқирози (Куба ракета инқирози) бартараф этилган, Конго, Салвадор ва Гватемаладаги, Эрон ва Ироқ ўртасидаги урушлар тўхтатилган. Шунингдек, Мозамбик ва Тимор-Лештида тинчликка эришилган, 2005 йил декабрида эса Сиерра-Леонедаги миссия ўз фаолиятини якунлаган.
БМТ, шунингдек, гиёҳванд моддалар айланмаси ва терроризмга қарши кураш бўйича халқаро кампанияларга раҳбарлик қилади, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари билан шуғулланади, қочқинларга ёрдам кўрсатади, ОИВга қарши кураш ишларини йўналтиради, атроф-муҳит, коинот ва денгиз тубига оид масалаларни ҳал қилади, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва тиклайди.
Белгиланган мақсадларга эришишда ташкилот ходимларидан ташқари,кўнгиллилар ва эзгу ният элчилари ҳам ёрдам беради. 2025 йилда БМТ дастурларида 17 169 нафар кўнгилли иштирок этган; улар 172 мамлакат ва ҳудудда БМТ тизимига кирувчи 59 та тузилма билан ҳамкорликда фаолият юритган. Кўнгиллилар сафига ҳар қандай фуқаро қўшилиши мумкин. Муҳими — муайян мезонларга жавоб бериш. Хорижга хизматга юбориладиган кўнгиллилар учун энг кичик ёш 25 ёшни, миллий миқёсдаги тайинловлар учун эса 22 ёшни ташкил этади. Номзод олий маълумот ёки техник мутахассис дипломига, тегишли соҳада икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиши ҳамда чет тилини (инглиз, француз ёки испан тилини) билиши керак.
Эзгу ният элчиларини тайинлаш тартиби бошқача. Элчилар кино, санъат, илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги машҳур инсонлар орасидан танланади. Улар БМТ вакиллари билан биргаликда сайёранинг олис ҳудудларига ташриф буюриб, маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатади ва уларни қўллаб-қувватлайди. Масалан:
Актриса Анжелина Жоли 20 йилдан ортиқ вақт давомида БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг эзгу ният элчиси бўлган. У тайинланганидан (2001 йил) бошлаб Танзания, Камбожа, Покистон, Намибия, Таиланд, Кот-д'Ивуар ва бошқа мамлакатларда бўлган. Жоли 2022 йил декабрда бу лавозимни тарк этган.
Актриса Энн Ҳэтэуэй 2016 йилда «БМТ-Аёллар» ташкилотининг эзгу ният элчиси бўлди. У иш жойларида гендер тенглигини илгари суриш тарафдори сифатида фаолият юритади. Актрисалар Никол Кидман ва Эмма Уотсон бу йўналишда унинг ҳамкасблари ҳисобланади.
Актёр Орландо Блум БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) фаолиятига ёрдам беради. У 2009 йилда эзгу ният элчиси бўлган ва ўтган вақт давомида жамғарма дастурларини амалга ошириш мақсадида дунёнинг ярмини кезиб чиққан. Жамғармада актриса Милли Бобби Браун, актёр Жеки Чан, хонандалар Шакира ва Кэти Перри, хонанда Рикки Мартин, футболчи Дэвид Бекҳэм ва бошқа кўплаб машҳур шахслар бор.
Актриса Шарлиз Терон, актёрлар Эдвард Нортон, Леонардо Ди Каприо ва ёзувчи Пауло Коэлио тинчлик элчилари сифатида фаолият кўрсатади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тарихи
БМТнинг ўтмишдоши Миллатлар Лигаси ҳисобланади. Ушбу халқаро ташкилот 1919 йилда ташкил этилган. Уни тузишдан асосий мақсад халқлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўлган. Бироқ Миллатлар Лигаси ўзининг асосий вазифасини бажара олмади. Иттифоқ иштирокчилари Иккинчи жаҳон уруши бошланишининг олдини олишга эришолмади. Шундан сўнг айрим мамлакатлар раҳбарияти янги ташкилот тузишга қарор қилди. Бўлажак лойиҳа муҳокамаси бир неча йил давом этди. Жараён 1941 йилда бошланди. 14 август куни Атлантика океанидаги ҳарбий кема бортида АҚШ президенти Франклин Рузвелт ва Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл Атлантика хартиясини имзоладилар. Ҳужжатда икки мамлакатнинг умумий душман — Германия ва унинг иттифоқчиларига қарши ҳамкорлик эълон қилинди.
Фото: БМТ
Рузвелт ва Черчил хартия имзоланганидан сўнг
Ўша йилнинг 24 сентябрида СССР ҳам декларацияни имзолади. Кейинроқ — 1942 йил январда хартияни яна 26 давлат қўллаб-қувватлади. Улар Бирлашган Миллатлар Декларациясини имзоладилар. Барча иттифоқчи мамлакатлар янги ташкилот тузиш зарурлигини англаб етганди. Бироқ улар ўртасида бирлашманинг тузилиши, ваколатлари ва вазифалари борасида ягона фикр йўқ эди.
1943 йил октябрда СССР, Буюк Британия ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг Москва конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу учрашув якунлари бўйича иштирокчилар қисқа муддат ичида янги ташкилот тузишга чақирувчи ҳужжатни имзоладилар. Ўша йилнинг 1 декабрида Теҳронда (Эрон) Рузвелт, Сталин ва Черчилл учрашуви бўлиб ўтди. Улар жаҳон ҳамжамиятига янги Декларацияни тақдим этдилар. Ҳужжат Германия устидан узил-кесил ғалаба қозониш режаларини ишлаб чиқиш натижаси бўлди. Аслида, БМТ Ҳитлерга қарши коалиция мамлакатлари бирлашмасидан вужудга келган. Шу сабабли Хавфсизлик Кенгашидаги бешта доимий ўринни ғолиб давлатлар эгаллади.
1945 йил апрелда, уруш якунига етиб бораётган пайтда, 50 та мамлакат вакиллари АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро ташкилот бўйича конференциясида тўпландилар. Тадбир давомида бўлажак бирлашма Низоми муҳокама қилинди. 1945 йил 26 июн куни ҳозир бўлган 50 мамлакат вакиллари ҳужжатни қўллаб-қувватладилар. Полша Низомни кейинроқ имзолади ва 51-чи таъсисчи давлат бўлди. Ташкилот 1945 йил 24 октябр куни расман ўз фаолиятини бошлади.
БМТга аъзо давлатлар
Ҳозирда БМТга 193 давлат аъзо бўлиб, шу вақтга қадар бирорта ҳам мамлакат ташкилот таркибидан чиқарилмаган. Фақат 1965 йилда Индонезия ташкилотдан вақтинча чиқишга қарор қилган. Бунга қўшни Малайзия билан юзага келган можаро сабаб бўлган. Индонезия 1966 йилда ташкилотга қайта аъзо бўлган. Бироқ ҳанузгача ташкилотга аъзо бўлмаган мамлакатлар ҳам бор. Уларни икки гуруҳга ажратиш мумкин.
Мустақиллиги тан олинган давлатлар орасида Ватикан, қисман тан олинган давлатлар орасида эса Ғарбий Саҳро (Саҳро Араб Демократик Республикаси), Фаластин, Тайван (Хитой Республикаси), Абхазия, Косово, Жанубий Осетия ва Шимолий Кипр БМТга аъзо эмас.
Шу билан бирга, Фаластин ва Ватикан кузатувчи давлатлар мақомига эга. Улар Бош ассамблея йиғилишларида иштирок этади, бироқ овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.
Низомда таъкидланганидек, барча тинчликсевар мамлакатлар учун БМТга аъзо бўлиш имконияти очиқ. Қарор Хавфсизлик кенгашининг тавсияси асосида Бош ассамблея томонидан қабул қилинади.
БМТга аъзо бўлишни истаган давлат бош котиб номига ариза ва хат юборади. Хатда давлат БМТ Низомида белгиланган барча мажбуриятларни қабул қилиш ва бажаришга тайёрлигини билдиради.
Хавфсизлик кенгаши аризани кўриб чиқади. Агар Хавфсизлик кенгашининг 15 нафар аъзосидан тўққиз нафари ўз розилигини билдирса, давлат ташкилотга қабул қилинади. Бунда бешта доимий аъзо қарши овоз бермаслиги керак.
Хавфсизлик кенгаши номзодни маъқуллагач, масала Бош ассамблеяда муҳокама қилинади ва кўриб чиқилади. Қабул қилиш учун овозларнинг учдан икки қисмини олиш зарур.
Давлат қабул қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинган пайтдан бошлаб БМТ аъзоси ҳисобланади.
Агар аъзо мамлакатнинг бадаллар бўйича қарзи мавжуд бўлса, у Бош ассамблея йиғилишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Бу қоида фақат қарз миқдори олдинги икки йил учун белгиланган бадаллар суммасига тенг ёки ундан ортиқ бўлган давлатларга тааллуқлидир. Масалан, 2021 йил июнда Эрон ва Марказий Африка Республикаси овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилганди. Бу давлатларнинг икки йиллик мунтазам бадаллар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган. Овоз бериш ҳуқуқини қайта тиклаш учун улар мос равишда 16,2 млн доллар ва 29,3 минг доллар миқдоридаги қарзларини тўлашлари керак эди. Тўловнинг кечикиши объектив сабабларга кўра юзага келганини изоҳлаб бера олган давлатлар овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.
БМТнинг асосий конвенция ва декларациялари
БМТ фаолияти бир қатор асосий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Ташкилот Низоми халқаро ҳуқуқнинг асосий воситаси ҳисобланади. БМТга аъзо давлатлар унга риоя қилишлари шарт. Декларациялар ва конвенциялар алоҳида ўрин тутади. Декларация тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, мажбурий эмас, конвенция, аксинча, мажбурий кучга эга. Асосий ҳужжатлар ҳақида сўз юритамиз.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси — асосий ҳужжат ҳисобланади. У 1948 йил 10 декабрда Парижда БМТ Бош ассамблеясининг резолюцияси билан қабул қилинган. Уни ишлаб чиқишда сайёрамизнинг барча минтақаларидан ҳуқуқ соҳаси мутахассислари иштирок этган. Декларация 500 та тилга таржима қилинган. Ҳужжатда ҳар бир инсон яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани батафсил баён этилган. Ҳеч ким қулликда сақланмаслиги, қийноққа солинмаслиги ёки ўзбошимчалик билан ҳибсга олинмаслиги керак.
2-модда:
«Ҳар бир инсон ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва барча эркинликларга, ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий, табақавий ёки бошқа мавқеидан қатъи назар, ҳеч қандай фарқлашларсиз эга бўлиши лозим».
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция — мажбурий хусусиятга эга бўлган биринчи ва асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат. У 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган. Конвенция боланинг очлик, муҳтожлик, шафқатсизлик ва эксплуатациядан холи шароитларда яшаш ҳуқуқларини мустаҳкамловчи 54 та моддадан иборат.
6-модда:
«Иштирокчи давлатлар боланинг яшаши ва соғлом ривожланиши учун имкон қадар юқори даражадаги шароитларни таъминлайдилар».
Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция
Конвенция 1969 йил 4 январда кучга кирган. Ҳужжатга риоя этилишини Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмита назорат қилади. Унинг таркибига 18 нафар эксперт киради. Конвенцияда ирқчилик тушунчаси батафсил ёритилган, сегрегация ва апартеиднинг ҳар қандай кўринишлари қораланган, ирқий тарғибот тақиқланган.
3-модда:
«Иштирокчи давлатлар ирқий сегрегация ва апартеидни алоҳида қоралайдилар ҳамда ўз юрисдикциялари остидаги ҳудудларда бундай хусусиятга эга бўлган ҳар қандай амалиётнинг олдини олиш, уни тақиқлаш ва тугатиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар».
Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция
Ҳужжат 1981 йил 3 сентябрда кучга кирган. Конвенция туфайли Монголияда гендер тенглиги тўғрисидаги, Туркия, Непал, Жанубий Африка ва Корея Республикасида оиладаги зўравонликка қарши қонун қабул қилинган, Канаданинг туб халқларига мансуб ўлдирилган ёки бедарак йўқолган аёллар бўйича тергов ўтказилган, Хитойда жинс белгисига кўра танлаб аборт қилиш ҳолатларини камайтиришга эришилган.
3-модда:
«Иштирокчи давлатлар барча соҳаларда, хусусан, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларда хотин-қизларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва тараққиётини таъминлаш, уларга эркаклар билан тенглик асосида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини амалга ошириш ҳамда улардан фойдаланишни кафолатлаш мақсадида қонунчилик чораларини ҳам ўз ичига олган барча тегишли чораларни кўрадилар».
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт
Ушбу ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига асосланган бўлиб, 1976 йил 23 мартда кучга кирган. Пакт инсонларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини, жумладан, яшаш, дин эркинлиги, сўз эркинлиги, йиғилишлар ўтказиш, одил судлов ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мажбуриятини юклайди.
3-модда:
«Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёлларнинг мазкур Пактда назарда тутилган барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан тенг фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар».