АҚШ Давлат департаменти Украинага умумий қиймати қарийб 2,1 миллиард долларлик 500 та Patriot PAC-3 MSE тутиб қолувчи ракеталари ҳамда уларга тегишли ускуналарнинг эҳтимолий сотувини маъқуллади. Идоранинг 30 октябрь куни эълон қилинган хабарномасида айтилишича, етказиб бериладиган юклар қаторидан эҳтиёт қисмлар ва ракеталар эксплуатациясини таъминлаш воситалари ҳам жой олади. Асосий пудратчи сифатида Американинг Lockheed Martin компанияси иштирок этади.

Битим АҚШ бюджети маблағлари жалб этилмаган ҳолда, Украинанинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари томонидан тўлиқ молиялаштирилади. Украина харид ҳақини JUMPSTART дастури орқали Канада, Германия ва Норвегия киритган бадаллар, шунингдек, Европа Иттифоқининг Ukraine Support Loan кредити доирасида тақдим этилган маблағлар ҳисобидан тўлайди. Давлат департаментининг баҳолашича, ушбу таъминот Украинага мавжуд Patriot тизимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳаво таҳдидларидан ҳимояни кучайтириш имконини беради.

15 октябрь куни CNN телеканали ўз манбасига таяниб, Украинада Patriot мажмуалари учун мўлжалланган ракеталар захираси бутунлай тугагани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда CNN манбаси тутиб қолувчи ракеталар йўқлиги сабабли сўнгги ёппасига берилган зарба вақтида Россиянинг деярли барча баллистик ракеталарини уриб туширишнинг имкони бўлмаганини айтганди. 14 октябрга ўтар кечаси Россия ракеталари Киевдаги учта электр станциясига ва Харьковдаги энергетика объектларига зарба берди, оқибатда пойтахтда тўрт киши ҳалок бўлди, яна 25 киши жароҳат олди.