Ўзбекистонга 1937 йилдан 1950 йилгача раҳбарлик қилган Усмон Юсупов том маънода «пахта одами» эди. У болалигидан далада меҳнат қилган, сўнг ўсмир ёшидан бошлаб пахта тозалаш заводида ишлаган, кейинги ҳаёти ҳам «оқ олтин» билан боғлиқ бўлган.

Ҳатто 1950 йилларда айнан Усмон Юсупов учун СССРда Пахтачилик вазирлиги ташкил этилади. Бироқ Сталин вафотидан сўнг вазият кескин ўзгаради. Аввалига вазирлик тугатилади. Сўнг Усмон Юсупов Тошкентдаги катта лавозимидан бўшатилиб, Бовутдаги совхозга «бадарға» қилинади.

Усмон Юсуповнинг ҳаёти силлиқ кечмаган. Ютуқлар билан бирга таҳликали кунлар ҳам бўлган. У Ўзбекистонни бошқарган йилларда Сталин қатағонлари авжига чиққан ва Усмон Юсупов ҳибсга олинган шахсларнинг тақдирини судсиз ҳал қилган «Тройка» аъзоси бўлган.

mytashkent.uz

Пахтакордан чиққан раҳбар

Усмон Юсупов 1900 йилда Фарғона вилояти Тошлоқ туманида батрак оиласида дунёга келади. 1916 йилда унинг оиласи Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрига кўчиб келади. 16 ёшли Усмон ота-онасига ёрдам бериш мақсадида шу ердаги пахта заводида ишлай бошлайди. 1923 йилда у Анастасия Болшаковага уйланади.

Тарихдан маълум, ўша суронли йилларда рус ёки украин қизига уйланганлар амал пиллапоясидан тез кўтариларди. Усмон Юсуповда ҳам шундай бўлади ва тез орада у масъул лавозимга тайинланади. 1926 йилда Усмон Юсуповга Тошкент қурувчилари уюшмаси раислигини топширишади. Сўнг Касаба уюшмалари Тошкент округи кенгаши раиси бўлади. 1928 йилда Компартиянинг Тошкент шаҳри қўмитаси котибига айланади.

Аввалроқ Анастасия билан ажрашган Усмон Юсупов 1929 йилда украин қизи, комсомол фаоли Юлия Степаненкога уйланади. Ўша йили у Ўзбекистон компартияси марказий қўмитаси котиби сифатида иш бошлайди. 1936 йилда Усмон Юсупов Ўзбекистон ССР Озиқ-овқат саноати вазири бўлади.

Усмон Юсупов «Тройка» таркибида

1937 йил ёзда Сталин тузуми томонидан «Катта террор» деб номланган қатағонлар тўлқини бошланди ва у Ўзбекистонга ҳам етиб келади. Турли соҳаларда ишловчи ўн минглаб одамлар, шу жумладан Ўзбекистон раҳбари Акмал Икромов ва ҳукумат раиси Файзулла Хўжаев ҳам қамоққа олинади.