DW хабарига кўра, эвакуация якунланганини 30 октябр оқшомида Россия омбудсмани Яна Лантратова маълум қилган. Украина Олий радаси депутати Давид Арахамия ҳам буни тасдиқлаган.
Арахамиянинг айтишича, Украина делегацияси ва Киев назоратидаги ҳудудга кетишни истаган аҳоли Россиянинг Анапа шаҳрига йўл олган. У ердан улар самолётларда Беларусга, кейин эса автобусларда Украинага олиб борилади.
Эвакуация учун жами 750 йўловчига мўлжалланган 25 та автобус, шунингдек, ҳаракатланиши чекланган одамлар учун тез ёрдам машиналари тайёрланган. Бироқ AP агентлигига кўра, Россия ва Украина шаҳардан олиб чиқилганларнинг якуний сонини очиқламаган.
Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп мувофиқлаштирувида бундай гуманитар миссиялар давом этишига умид билдирган. Унинг таъкидлашича, Россия омбудсмани билан ҳамкорликда эришилган келишувлар одамларга амалий ёрдам кўрсатиш имконини берган.
Шаҳарда қолишни истаган аҳолига ҳам озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур гуманитар ёрдам етказилган.
Олешки Днипро дарёсининг Россия қўшинлари босиб олган чап соҳилида жойлашган. Кенг кўламли уруш бошланишидан аввал шаҳарда қарийб 24 минг киши яшаган. Эвакуация арафасида эса турли ҳисоб-китобларга кўра, 1700–2000 нафар аҳоли қолган.
2023 йил июнида Каховка ГЭСи тўғони вайрон бўлгач, шаҳарнинг катта қисми сув остида қолган. Сўнгги ойларда озиқ-овқат, дори-дармон ва ичимлик суви танқислиги аҳолининг аҳволини янада оғирлаштирган.












