2 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Йиғилишда қайд этилишича, хорижда ишлаётган бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси Сирдарёда 500 долларга, Жиззах ва Навоийда 600 долларга, Сурхондарё ва Хоразмда эса 700 долларга ҳам етмаяпти.
Шу муносабат билан ҳокимлар, элчилар ва техникум раҳбарлари фуқароларни юқори даромадли ишларга тайёрлаш борасидаги фаолиятини қайта кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
«Аслида, инсон қаерда ишлаши, қанча маош олиши, ҳуқуқини ким ҳимоя қилишини билиб бориши керак!» — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари хорижий меҳнат бозорларига чиқишда элчилар, ҳокимлар ва техникумлар ҳамжиҳат ишлаши кераклигини таъкидлади. Германия, Туркия, Словакия ва Қатарда ҳамкорлар топиш, уларни техникумлар билан боғлаш ҳамда фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича ижобий мисоллар борлиги айтилди. Бошқа мамлакатлардаги элчиларнинг бу борадаги фаолияти суст экани кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда сўнгги йилларда тартибли меҳнат миграцияси қамрови кенгайгани ҳам қайд этилди. Илгари бу йўналишда учта давлат билан иш олиб борилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 27 тага етган. Ҳамкорлик қилинаётган йирик хорижий иш берувчилар сони қарийб 400 тага кўпайган.
Шунингдек, чет элда ишлаётган ўзбекистонликлар сони ўн йилда икки баравар камайганига қарамай, уларнинг оилаларига юбораётган маблағлари тўрт карра ошган.
Президентнинг таъкидлашича, бу халқаро меҳнат бозорида ўзбек мутахассисларига муносабат ўзгариб, фуқаролар хорижга малакали кадр сифатида бораётганини кўрсатади.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда чет элда ишлаш истагидаги фуқаролар борлиги, бошқа мамлакатларда эса ишчи кучига эҳтиёж юқорилигини қайд этди. Ушбу икки имкониятни ўзаро боғлаш соҳа мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларининг асосий вазифаси экани таъкидланди.












