Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган 2027 йилги Осиё кубоги муддати ўзгартирилгани ҳақида эълон қилди.
Унга кўра, турнир 2027 йил 23 декабрда бошланиб, финал 21 январ кунига белгиланган. Бунгача турнир 2027 йил 7 январдан 5 февралгача ўтказилиши режалаштирилганди.
Шу тариқа, қитъа чемпионати бошланиши 350 кунга, яъни қарийб бир йилга кечиктирилмоқда.
Бу қарор ОФК, ташкилий қўмита ва Саудия Арабистони футбол федерацияси иштирокидаги кенг қамровли муҳокамалардан сўнг қабул қилинган.
Турнир бошланиш санаси ўзгаришига Яқин Шарқдаги кескин ҳарбий-сиёсий вазият сабаб бўлди. Сўнгги ойларда Ямандаги ҳусийчилар Саудия Арабистони ҳудудига ракеталар ва дронлар билан зарбалар бериб келмоқда. Бу эса хавфсизлик билан боғлиқ жиддий хавотирларни келтириб чиқарганди.
Хусусан, октябр ойида Ар-Риёддаги халқаро аэропортга қилинган ҳужумлардан бирида 12 киши ҳалок бўлиб, 300 дан ортиқ киши жароҳатланганди.
ОФК ва турнир ташкилотчилари минтақадаги «фавқулодда вазият, жиддий логистик мураккабликлар ҳамда транспорт қатновларидаги узилишлар»ни тақвим ўзгаришининг асосий омиллари сифатида кўрсатган.
Бундан аввалроқ ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашадиган бўлса, турнир 2028 йилга қолдирилиши мумкинлигини маълум қилганди.
Маълумот учун, Осиё кубогига йўлланма олган 24 та миллий жамоа орасида Ўзбекистон ҳам бор. Фабио Каннаваро шогирдлари гуруҳ босқичида Иордания, КХДР ва Баҳрайнга қарши ўйнайди.
Ўйинлар ўтказиладиган шаҳарлар ва стадионлар ўзгариши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилмаган. Янги тақвимга кўра, Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги ўйинлари энди 2027 йил 24 декабр (Иорданияга қарши Жидда шаҳрида), 28 декабр (Шимолий Кореяга қарши Риёд шаҳрида) ва 2028 йил 2 январ кунлари (Баҳрайнга қарши Жидда шаҳрида) бўлиб ўтади.









