Ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, тирбандлик узунлиги 25 километрга етган, чегарада кутиш вақти эса уч суткагача чўзилган, деб хабар берди Kazinform.

Давлат даромадлари қўмитаси (ДДҚ) юзага келган вазиятни юк оқимининг ортиши ва электрон навбат тизимининг ишлаш хусусиятлари билан боғламоқда.

Узоқ масофага қатновчи ҳайдовчилар нафақат узоқ кутишдан, балки пунктга олиб борувчи йўлларда ҳожатхоналар ва оддий маиший шароитларнинг йўқлигидан ҳам шикоят қилмоқда. Шунингдек, баъзиларнинг таъкидлашича, айрим юк машиналари умумий навбатни четлаб ўтмоқда.

ДДҚ маълумотларига кўра, 2026 йилнинг ўн ойи давомида Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида автомобиллар оқими 16,2 фоизга ошиб, 741,5 мингтага етган. Ушбу даврда “Б. Қонисбаев” пункти орқали 321 мингта автомобил ҳаракатланган — бу ўтган йилга нисбатан 21 фоизга кўпдир. Ҳозир ўтказиш пунктининг лойиҳавий қуввати суткасига 1 мингта автомобилга мўлжалланган бўлса-да, амалда 1,5 мингтагача машинага хизмат кўрсатилмоқда.

Идора маълум қилишича, пункт одатдаги режимда ишламоқда. У ерда фураларнинг тўпланиб қолиш сабабларидан бири сифатида CarGoRuqsat тизими орқали ўтиш навбатини кеч банд қилиш кўрсатилмоқда. Айрим ташувчилар чегарага олдиндан навбат олмасдан келиб, уни шу ернинг ўзида расмийлаштираётгани сабабли белгиланган вақтни кутишга мажбур бўлишмоқда.

Шу билан бирга, 3 ноябрь куни эрталаб тизимда “Б. Қонисбаев” пункти орқали чегарани кесиб ўтиш учун 130 та бўш ўрин (слот) мавжуд эди. ДДҚ таъкидлашича, айрим ҳайдовчиларнинг узоқ вақт кутиб қолиши барча ташувчилар навбатда бир неча суткалаб турибди, дегани эмас.

Пунктдаги тирбандликни камайтириш мақсадида расмийлар транспортнинг бир қисмини “Атамекен – Гулистон” ва бошқа ўтказиш пунктларга йўналтиришни режалаштирмоқда.