Хитойнинг Li Auto кроссоверини харид қилган россияликлар мастер-аккаунт ўғирланишининг тўлқинига дуч келди. Аккаунт бузилгандан сўнг, автомобиллар ўз функцияларининг бир қисмини йўқотиши мумкин: экранлар ўчиб қолади, иқлим назорати ишламайди, айрим ҳолларда эса машинани ўт олдириб ҳам бўлмайди. Бу ҳақда Autonews хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, кибержиноятчилар аслида рақамли бошқарув калити ҳисобланган автомобилнинг мастер-аккаунти устидан назоратни қўлга киритади. Шундан сўнг улар машина эгаси билан боғланиб, аккаунтга кириш ҳуқуқини тиклаш учун пул талаб қилади. Ҳозиргача камида 20 киши жабрлангани маълум, бироқ уларнинг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкин.
Айни пайтда фирибгарлар аккаунтни қайтариш учун 35–45 минг рубль талаб қилмоқда. 2025 йил ёзида кузатилган бундай ҳужумларнинг биринчи тўлқинида талаб қилинган товон пули 200–250 минг рублга етган эди.
Янги схеманинг ўзига хослиги шундаки, бузғунчилар eSender хизматидаги аккаунтларга ҳужум қилмоқда — автомобил эгаси мастер-аккаунтни рўйхатдан ўтказишда Хитой телефон рақамларини айнан шу хизмат орқали ишлатади. Бунда ҳатто рақам учун тўловни амалга оширган фойдаланувчилар ҳам тизимга кириш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.
Li Auto компаниясининг Россиядаги расмий дистрибьютори — Sinomach Auto муаммо борлигини тасдиқлади. Компания маълумотларига кўра, хитойлик ишлаб чиқарувчи россиялик ҳамкори билан биргаликда аккаунтларни ҳимоя қилиш ва қонуний эгаларининг тизимга кириш ҳуқуқини тиклаш механизмларини ишлаб чиқмоқда.
Шунингдек, автомобилга эгалик ҳуқуқини тасдиқлаш тартибини жорий этиш ҳамда авторизацияни Хитой телефон рақамларидан электрон почтага ўтказиш режалаштирилган. Худди шундай тизим 2026 йилги модел қаторига кирувчи Li Auto автомобилларида аллақачон амал қилмоқда.
Sinomach Auto вакилларининг маълум қилишича, янги ечимларни жорий этилиш муддатига ҳозирча аниқлик киритилмаган.
Li Auto эгаларига паролларни мунтазам равишда янгилаб туриш, тасдиқлаш кодлари ва мастер-аккаунт маълумотларини бегоналарга бермаслик, шунингдек, Хитой рақамининг амал қилиш муддатини кузатиб бориш тавсия этилади. Аккаунтга кириш имконияти йўқолган тақдирда, компаниянинг қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиш ва ҳолатни қайд этиш лозим.












