Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. 4 ноябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раиси ўринбосари Нодирбек Очилов инфляция пасайиб бораётганига қарамай, ставкани туширишга ҳали етарлича асос шаклланмаганини таъкидлаб ўтди, дея хабар берди Kun.uz мухбири.

Очиловнинг сўзларига кўра, Марказий банк ҳисоб-китобларида тарифлар ошишининг инфляцияга дастлабки таъсири қисқа муддатли ва нисбатан паст бўлиши кутилмоқда. Шу сабабли асосий ставкани ошириш масаласи кун тартибига қўйилмаган. Бироқ тарифлар ўзгаришининг кейинги босқичларда инфляцияга таъсири ҳам ҳисобга олинган. Марказий банк бошқаруви иккиламчи таъсирларнинг олдини олиш ва инфляцион босимни жиловлаш учун қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган.

Регулятор раиси ўринбосари ставкани 13,5 фоизгача тушириш имконияти ҳам муҳокама қилинганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, инфляцион кутилмалар, базавий инфляция ва валюта бозоридаги ижобий тенденциялар ставкани пасайтириш учун муайян шароитларни юзага келтирмоқда.

«Бу асослар янада кучайиб, бизда кўпроқ ишонч ҳосил қилса, кейинги йиғилиш кун тартибига ставкани пасайтириш масаласи киритилиши эҳтимоли бор», — деди Очилов.

Шунингдек, Марказий банк раиси ўринбосари амалдаги прогнозларда асосий ставкани ошириш заруратини кўрсатувчи омиллар мавжуд эмаслигини билдирди. Регулятор баҳосига кўра, ҳозирги 14 фоизлик ставка инфляцион хатарларни жиловлаш учун етарли. Тарифлар ўзгаришининг инфляцияга таъсири эса қисқа муддатли ва юқори бўлмаган даражада бўлиши кутилмоқда.