Тhe Information маълумотларига кўра, Apple ўзининг биринчи уй роботини фаол равишда ишлаб чиқмоқда. У ўтган ой тақдим этилган HomeView смарт-дисплейининг такомиллаштирилган версияси бўлади.
Компания қурилмани HomeView Ultra ёки HomeView Max деб атамоқда. Прототип айланувчи кронштейнга ўрнатилган 9 дюймли экран билан жиҳозланган бўлиб, унинг дизайни ғайриоддий тузилиши ва Pixar тимсолига ўхшашлиги туфайли халқ орасида «Жобс чироғи» деб ном олган классик iMac G4’ни эслатади.

Гаджет хонадаги муҳит билан мустақил равишда ишлашга ўргатилади. Камера ва датчиклар ёрдамида у, масалан, одам кириб келганда чироқни ўзи ёқиши ва ҳатто мушукни стол устидан ҳайдаб юбориши мумкин бўлади. Нашрда, шунингдек, дастурчилар роботни «атрофдаги буюмларга тасодифан урилиб кетмаслик учун етарлича ақлли» қилишга уринаётгани таъкидланган.
Қурилманинг аппарат базаси икки йил аввал тайёр бўлган, бироқ жамоа ичидаги келишмовчиликлар сабабли уни чиқариш кечикмоқда. Ишлаб чиқувчилар қайси функцияларни биринчи версияга киритиш ва қайсиларини иккинчи авлодга қолдириш борасида бир тўхтамга келолмаяпти. Янги қурилмани 2027 йилда тахминан 1 минг доллар нархда сотувга чиқариш режалаштирилган, аммо релиз 2028 йилга сурилиши ҳам мумкин.
Аввалроқ Apple бошқа робототехника концептларини ҳам ўрганиб чиққан, улар орасида ғилдиракли ёрдамчи, уй учун учадиган дрон ва кийимларни тахлайдиган манипулятор бор эди. Ушбу қурилмаларнинг сотувга чиқиш-чиқмаслиги ҳозирча номаълум.












