НАТО нима дегани?

НАТО қисқартмаси инглиз тилидаги North Atlantic Treaty Organization номининг бош ҳарфларидан олинган бўлиб, «Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти» деб таржима қилинади.

НАТО 1949 йилда ташкил этилган ҳарбий-сиёсий иттифоқ бўлиб, ҳозирда 32 та мустақил давлат унинг аъзоси ҳисобланади. Уларнинг 30 таси Европада, яна иккитаси — Канада ва АҚШ Шимолий Америкада жойлашган. Дунёнинг ушбу икки қисмини Атлантика океанининг шимолий қисми ажратиб тургани сабабли 1949 йилда НАТОга асос бўлган шартнома «Шимолий Атлантика шартномаси» деб номланган. Қуйидагилар шартнома мазмунидан келиб чиқадиган асосий мақсадлар ҳисобланади:

- демократияни, халқларнинг шахсий эркинлик ва қонун устуворлиги тамойилларига асосланган эркинлигини, умумий мероси ва цивилизациясини ҳимоя қилиш;

- Шимолий Атлантика минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш ва фаровонликни ошириш;

- жамоавий мудофаани ташкил этиш ҳамда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш;

- тинчлик ва дўстликка асосланган халқаро муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашиш;

- ўз давлатларининг халқаро иқтисодий сиёсатидаги зиддиятларни бартараф этишга интилиш;

- қуролли ҳужумга қарши курашиш бўйича якка тартибдаги ва жамоавий салоҳиятни ошириш.

Шартноманинг асосий таянч нуқтаси унинг бешинчи моддасидир. Унга кўра, Европа ёки Шимолий Америкадаги бир ёки бир нечта аъзо давлатга қарши қуролли ҳужум бутун иттифоққа қарши ҳужум сифатида баҳоланади. Бундай ҳолатда ҳар бир аъзо давлат ҳужумга учраган давлатга ёрдам кўрсатади ва бунинг учун ўзи зарур деб ҳисоблаган чораларни кўради. Ушбу чоралар қуролли куч ишлатишни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

НАТОнинг расмий тили иккита: инглиз ва француз тиллари. Ташкилот байроғи кўк рангда бўлиб, марказида доира ичида шамол йўналишларини кўрсатувчи оқ рангли компас тасвири бор. Тўқ кўк фон Атлантика океанини, доира аъзо давлатлар ўртасидаги бирликни, компас эса тинчлик сари йўлни англатади. НАТО алянсининг штаб-квартираси Белгия пойтахти Брюссел шаҳрида жойлашган.