Президент Шавкат Мирзиеёв Бухородаги янги аэропорт ва унга олиб борувчи BRT йўлини 2027 йил Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш бўйича вазифа берди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қиймати 300 млн долларлик аэропорт бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Лойиҳа доирасида аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 километрли янги ва замонавий автомобил йўли барпо этилади.

Бундан ташқари, жамоат транспорти ҳаракатини енгиллаштириш мақсадида автобуслар учун 5,5 километрли алоҳида BRT йўлагини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Президентнинг айтишича, ушбу янги инфратузилма Бухорога ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун юқори даражадаги қулайликлар яратади ҳамда ҳудуднинг транспорт ва транзит салоҳиятини сезиларли даражада кенгайтиради.

Шунингдек, йиғилишда вилоятга тўғридан тўғри авиапарвозлар географиясини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Туркиянинг Pegasus авиaкомпанияси Бухорога тўғридан тўғри қатновларни йўлга қўймоқда.

Келаси йилда эса Малайзия, Индонезия, Кувайт, Миср ва Баҳрайн каби давлатлар билан ҳам мунтазам ва чартер авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари Бухорода туризм хизматлари ва сайёҳлар учун янги йўналишларни кўпайтириш масаласига тўхталди. Жорий йилда вилоятга 3,5 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилмоқда. Келгусида уларнинг сонини икки баравар ошириш мақсад қилинган.

Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуаларни ягона туризм консепсияси асосида боғлаш кўзда тутилган.

Бухоро шаҳридаги Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади.

Жалол Икромий маҳалласида эса халқаро тадбирларга мўлжалланган 60 миллион долларлик конгресс-ҳолл қурилмоқда. Конгресс-ҳолл ёнида “Hilton” ва “Holiday Inn” брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона барпо этилмоқда.