Сенатдаги кураш сайловнинг энг кутилмаган натижаларини берди. 100 ўринли палатада кўпчилик учун 51 ўрин керак, чунки овозлар 50:50 бўлиб қолса, ҳал қилувчи овозни республикачи вице-президент Ж.Д. Вэнс берган бўларди.

AP ҳисобига кўра, демократлар республикачилардан камида 7 та ўринни тортиб олди ва Сенатда 53 ўринга эгалик қилмоқда. Улар Шимолий ва Жанубий Каролина, Техас, Огаё, Аёва, Мейн ва Канзасда ғалаба қозонди.

Вакиллар палатасида ҳам демократлар катта устунликка эришди. 435 ўринли палатада кўпчилик учун 218 ўрин керак. AP ҳисобига кўра, демократлар ҳозирча 223 та, республикачилар эса 133 та округда ғолиб бўлди. Демократлар республикачилардан 25 та ўринни тортиб олди.

Республикачилар Трамп ташаббуси билан бир қатор штатларда сайлов округлари чегарасини ўзгартирган бўлсада, бу уларни мағлубиятдан сақлаб қолмади. Масалан, Трамп 2024 йилда 15 фоиз фарқ билан ютган Кентукки штатининг 6 округида ҳам демократ номзод ғалаба қозонди.

Оралиқ сайловларда 36 штатда губернаторлар ҳам сайланди. AP маълумотларига кўра, демократлар республикачилардан тўртта губернаторлик лавозимини тортиб олди.

Энг катта шов-шувга Техасдаги натижа сабаб бўлди: штат қонунчилик палатаси депутати Жина Инохоса уч муддат губернаторлик қилган Грег Эбботни енгди. Шу билан у қарийб 40 йил ичида штатнинг илк демократ губернатори бўлади.

AP ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда 25 штатда демократ, 19 штатда республикачи губернатор бор, қолган олтитасида саноқ давом этмоқда.

АҚШнинг янги Конгресси 3 январда иш бошлайди. Вакиллар палатасидаги кўпчилик демократларга қўмиталарни бошқариш имконини беради. Шу орқали улар гувоҳларни мажбурий чақириш ва Трамп маъмурияти, оиласи ҳамда бизнесига оид тергов ўтказиш ваколатига эга бўлади.