Тақдимотда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибияти, илмий-тадқиқот марказлари, дипломатик корпус ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан Президент маслаҳатчиси О. Давлатов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси Одилжон Тожиев, Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ўрин олди. Тадбирни Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Фарҳод Арзиев очиб берди.

Китоб Хитойнинг “Жэньминь” нашриёти томонидан чоп этилган бўлиб, уни тайёрлашда Минзу университети олимлари ҳам иштирок этган. Нашр хитойлик ўқувчиларга Ўзбекистондаги ислоҳотлар, мамлакатнинг тараққиёт стратегияси ва ташқи сиёсат устуворликларини давлат раҳбарининг қарашлари орқали ўрганиш имконини беради.

Китобнинг хитой тилида чиқиши ва тақдимотнинг ташкил этилишида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси фаол иш олиб борди. Элчи Фарҳод Арзиев тақдимотдаги нутқида китоб Хитой ва халқаро жамоатчиликни Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари билан таништиришда муҳим манба бўлишини таъкидлади. Хитой томони ҳам тақдимот юқори савияда ташкил этилганини алоҳида қайд этди.

Элчихона Пекинда гуманитар йўналишда ҳам фаол ишламоқда. Яқинда у “Ўзбекистон — Хитой: цивилизациялар мулоқоти ва умумий мерос” тадбирини ўтказди, тақдимотдан бир кун олдин эса Пекинда Ўзбекистон маданияти кунлари очилди.

Хитой расмийлари Ўзбекистон ислоҳотларини қандай баҳоламоқда?

Тақдимотда сўзга чиққан Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Тарғибот бўлими раҳбари Ли Шулэй Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги сиёсий ирода икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади. У китобни Хитой жамоатчилиги, айниқса, ёшлар орасида кенг танитиш, Ўзбекистоннинг ислоҳотлар тажрибасини ўрганиш муҳимлигини қайд этди.

ХКП Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин китобнинг хитой тилида нашр этилишини икки давлат раҳбарлари эришган келишувларни амалга ошириш ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги муҳим воқеа деб атади.

Лю Хайсиннинг фикрича, китоб хитойлик ўқувчиларга Ўзбекистондаги ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, мамлакатнинг ташқи сиёсий позицияси ва минтақада тинчлик ҳамда барқарорликка қўшаётган ҳиссасини яхшироқ тушуниш имконини беради, давлат бошқаруви тажрибасини алмашишнинг муҳим воситасига айланади. У дипломатик муносабатларнинг 35 йиллиги арафасида Пекин Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.