Йиғилишда қайд қилинишича, 2014 йилда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга ўтган даврда 20 дан ортиқ ўзгартириш киритилган бўлса-да, унинг айрим нормалари бугунги талабларга жавоб бермай қолган.

Шу муносабат билан тақдимотда мазкур қонунни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари янги қонун ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин чора кўришга асосланган ёндашувдан хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган проактив профилактика моделига ўтишни таъминлаши зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан 14 та давлат идораси шуғулланаётган бўлса-да, уларнинг вазифалари айрим ҳолларда такрорланмоқда, ваколатлари аниқ чегараланмаган. Тақдимотда профилактика субъектлари доирасини яна 7 тага кенгайтириш таклиф қилинди.

Президент бу таклифнинг мақсадга мувофиқлигини аниқ асослаш, энг аввало, ҳар бир идоранинг вазифаси, ваколати ва жавобгарлигини белгилаш, улар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси комиссиясининг ваколатларини қонун даражасида белгилаш назарда тутилмоқда. Бунда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, профилактика чораларининг самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Қонун лойиҳасида илк бор профилактиканинг янги йўналишларини белгилаш, хусусан, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда превентив чораларни кучайтириш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, ижтимоий ва виктимологик профилактика механизмларини такомиллаштириш, таълим муассасаларини профилактика тадбирлари билан кенг қамраб олиш, жиноятдан жабрланган фуқароларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича янги нормалар илгари сурилди.

Бунда жиноятдан жабрланганлар ва гувоҳларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига таҳдид юзага келганда уларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда кўмаклашган фуқароларни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш юзасидан мажбурий профилактик кўрсатма беришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф қилинмоқда.