Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда пиёз баҳоси ошгани ҳақида хабарлар тарқалди. Нархларнинг нима учун кўтарилгани юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги изоҳ берди.
Вазирликка кўра, республика бўйича 2026 йилда 1,5 миллион тонна пиёз етиштириш ҳисоб-китоб қилинган. Бу аҳолининг истеъмол талабидан 400 минг тонна ёки 35 фоизга кўп. Жумладан, Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 9 ойида 387,1 минг тонна пиёз етиштирилган. Унинг 120 минг тоннаси аҳоли истеъмоли учун ишлатилган, 46 минг тоннаси экспорт қилинган, қолган қисми эса республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб берилган.
Вилоятнинг тупроқ-иқлим шароити пиёзни, асосан, эртаки муддатларда, хусусан, апрель–май ойларида етиштиришга мослашган. Август–сентябр ойларида уруғдан, октябр–ноябр ойларида эса «тўқсонбости» усулида пиёз уруғи ва кўчати экилади. Шунингдек, аҳоли хонадонларида қисман февраль–март ойларида ҳам пиёз экилиб, август–сентябрь ойларида ҳосили йиғиб олинади.
Ёзги вегетация давридаги юқори ҳароратнинг салбий таъсири сабабли октябрь–ноябрь ойларида пишиб етиладиган кечки пиёз катта майдонларда кам экилади.
Айни пайтда 2026 йил ҳосили учун етиштирилган пиёз далада қолмаган. Шу сабабли Сурхондарё вилояти бозорларидаги талабни қондириш мақсадида Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан пиёз олиб келиниб, сотилмоқда.
Мазкур жараёнда транспорт-логистика харажатлари ҳам маҳсулотнинг якуний нархига таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, юк автомобиллари (фура ёки «Isizu») орқали Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан Сурхондарёга 1 килограмм юкни етказиб бериш харажати 350–370 сўмни ташкил этади. Масалан, 20 тонна юкни ташиш 7 миллион сўмгача, 10 тонна юкни ташиш эса 3,8–4 миллион сўмгача тушмоқда.
Айни вақтда Жиззах вилояти деҳқонларида пиёзнинг 1 килограмм харид нархи 2 600–3 300 сўмни, Самарқанд вилоятида эса 2 800–3 000 сўмни ташкил этмоқда.
Транспорт харажатлари қўшилганда тадбиркорлик субъектлари учун пиёзнинг етказиб бериш таннархи Жиззахдан олиб келинганда 2 950–3 650 сўмни, Самарқанддан олиб келинганда 3 150–3 350 сўмни, Денов туманигача етказилганда эса 3 400–3 500 сўмни ташкил этмоқда. Бугунги кунда Сурхондарё вилояти бозорларида пиёзнинг 1 килограмм чакана сотув нархи 4 000–4 500 сўм атрофида шаклланган.
Таҳлилларга кўра, айрим ҳолатларда маҳсулотнинг харид ва етказиб бериш таннархи билан бозордаги сотув нархи ўртасида сезиларли тафовут кузатилмоқда.







