«РБК-Украина» ва «Украинская правда» 21 октябрда ўз манбаларига таяниб ёзишича, Лвив вилояти кенгашининг қарори Полша катта қурол пакетини юборишга тайёрланаётган пайтда қабул қилинган.

Кенгаш 2027 йилни УИА, унинг қўмондони Роман Шухевич ва Украина миллатчилари ташкилоти вакили Олег Олжичга бағишлашни маъқуллаган.

«РБК-Украина» суҳбатдошига кўра, шу қарордан кейин ҳарбий ёрдам пакетининг етказиб берилиши тўхтатилган. Муаммони ҳал қилиш учун ёпиқ дипломатик каналлар орқали музокаралар олиб борилмоқда. Хабарларда гап муайян йирик қурол пакети ҳақида кетмоқда.

Полша ташқи ишлар вазири ўринбосари Марчин Босацкий Polsat News телеканалига берган интервюсида Киев билан баҳсли қарор кучга кирмаслиги бўйича келишувга эришилганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Варшава аралашувидан сўнг «УИА йили» ҳақидаги резолюция Лвив вилояти кенгаши сайтидан олиб ташланган.

«Биз Украина ҳукуматига ишонамиз ва бу ваъдалар бажарилишини кутамиз», — деган Босацкий.

УИАга муносабат Полша ва Украина ўртасидаги тарихий келишмовчиликлардан биридир. Полшада ушбу ташкилот Иккинчи жаҳон уруши даврида Волинда полякларнинг оммавий ўлдирилиши учун масъул деб ҳисобланади.

DW эслатишича, май охирида Володимир Зеленский Украина Қуролли кучлари бўлинмаларидан бирига «УИА қаҳрамонлари» фахрий номини бергани ҳам Полшада кескин танқидга сабаб бўлган.

Июн ойида Полша президенти Карол Навроцкий Зеленскийни мамлакатнинг энг олий давлат мукофоти — Оқ бургут орденидан маҳрум қилган. Шундан кейин бир қатор украиналик расмийлар ва собиқ президентлар Полша давлат мукофотларидан воз кечган.

11 июлда Волин фожиаси қурбонлари хотираси ёд этилганда, Полша бош вазири Доналд Туск «хотира нафратга хизмат қилмаслиги керак»лигини айтган. Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ҳам ярашув муҳимлигини таъкидлаган.

17 июлда эса Зеленский Волин воқеаларига оид Украина махсус хизматлари архивларини очиш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилган эди.