Бу ҳақда Полша мудофаа вазири ўринбосари Магдалена Собковяк-Чарнецкая 27 октябр куни маълум қилди. У қарорни «тарихий» деб атаган.
Вазир ўринбосари TVP Info телеканалига берган изоҳида АҚШ шу пайтгача тегишли технология ва тажрибасини бўлишишни истамаганини айтган. Унинг фикрича, марказнинг Полшада қурилиши мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва АҚШнинг қўллаб-қувватлаши белгисидир.
AFP агентлиги Собковяк-Чарнецкаяга таяниб хабар беришича, лойиҳа қиймати қарийб 230 миллион еврони ташкил этади. Қурилишни бир неча ой ичида якунлаш кутилмоқда.
Кейинги мақсад — ракета ишлаб чиқариш
Варшава сервис маркази келажакда Patriot тизимлари учун ракеталарни мамлакат ҳудудида ишлаб чиқаришга йўл очишига умид қилмоқда. Бироқ ҳозирги қарор техник хизмат кўрсатиш марказига тааллуқли бўлиб, ракета ишлаб чиқариш ҳали истиқболдаги мақсад сифатида тилга олинган.
Сентябрда Собковяк-Чарнецкая АҚШ Украинага тегишли лицензия берса, Полша Patriot ракеталари заводини ўз ҳудудида қуришни таклиф қилаётганини айтган эди. У буни ишлаб чиқаришни «хавфсиз ҳудудда» жойлаштириш имконияти билан изоҳлаган.
Айни пайтда вазир ўринбосари Полшанинг сервис маркази ва кейинчалик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлари Украинага оид қарорларга боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.
Украина билан ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинган
Украина президенти Володимир Зеленский 25 сентябрда Доналд Трамп Киевга Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш лицензияларини бериш бўйича «якуний қарор» қабул қилганини билдирган эди.
Собковяк-Чарнецкая эса АҚШ президенти аввал ҳам шундай баёнот бергани, кейинчалик бу борада шубҳа билдирганини эслатган.
Август охирида Полша мудофаа вазири ўринбосари Павел Залевский мамлакат PAC-3 тутувчи ракеталарини ишлаб чиқариш учун қувватларга эга эканини ва Украина билан ҳамкорликка тайёрлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, қўшма ишлаб чиқариш имконияти ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Patriot тизимлари Украина шаҳарлари ва инфратузилмасини Россия баллистик ракеталаридан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Киев бу тизимлар учун ракеталар етишмаётгани ҳақида бир неча бор маълум қилган.

















