Полша полицияси раҳбари Марек Борон 2 ноябр куни RMF FM радиостанцияси эфирида бу ҳақда маълум қилди.

Унинг айтишича, ўтган ҳафта Полша Ҳарбий разведка хизмати ва иттифоқчи давлатларнинг махсус хизматлари Россия билан чегарада эҳтимолий диверсиялар юзасидан огоҳлантириш берган. Хусусан, қуролланган гуруҳларнинг чегара орқали кириб келишга уриниши мумкинлиги ҳақида маълумот олинган.

Шундан сўнг Россиянинг Калининград вилояти билан чегарадош ҳудудларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

«Бу мамлакатимиздаги ҳозирги вазият — диверсиялар, саботаж ва шарқдаги махсус хизматлар жиноий фаолиятининг турли гибрид шакллари билан бевосита боғлиқ», — деди Борон.

Операция Полшанинг шимоли-шарқидаги Варминско-Мазур ва Подляск вилоятларида ўтказилмоқда. Унда полиция, армия, чегара хизмати ва махсус хизматлар билан бирга терроризмга қарши кураш бўлинмалари ҳам иштирок этмоқда.

Ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Полиция бош бошқармасида махсус штаб ташкил этилган. Чегара ҳудудларига мамлакатнинг бир нечта вилоятидан қўшимча полиция кучлари юборилган.

Борон операция эҳтимолий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, асосий мақсад — чегара яқинида яшовчи аҳоли, давлат муассасалари ва диверсиялар нишонига айланиши мумкин бўлган бошқа объектлар хавфсизлигини таъминлаш.

«Бу хорижий махсус хизматлардан олаётган маълумотларимиз билан ҳам боғлиқ. Вазифамиз — у ерда яшовчи фуқаролар ва муассасалар хавфсизлигини таъминлаш, жамиятни ҳар қандай эҳтимолий таҳдиддан ҳимоя қилиш», — деди полиция раҳбари.

Шу билан бирга, у қўшимча кучларнинг юборилиши Полша Конституциявий трибунали атрофидаги сиёсий инқироз билан боғлиқ экани ҳақидаги тахминларни рад этди.