DW нашрининг ёзишича, учрашув ҳақидаги хабар 3 ноябр, сешанба куни Оқ уйнинг расмий сайтида эълон қилинган. Музокаралар Россия томонидан босиб олинган Олешки шаҳрида ўт очишни тўхтатиш масаласига бағишланади.
Оқ уй маълумотига кўра, Мелания Трамп 5 ноябр, пайшанба куни АҚШнинг шарқий вақти билан соат 11:00 да — Тошкент вақти билан 21:00 да — гуманитар миссия якунлари ҳақида баёнот беради. Бироқ Россия ва Украина вакиллари билан учрашув ҳам айнан шу куни бўлиб ўтадими ёки бошқа санада ўтказиладими, ҳозирча аниқлаштирилмаган.
«РБК-Украина» агентлигининг маълум қилишича, Украина томонидан учрашувда қатнашиш учун «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия ва Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец Вашингтонга боради.
Россия томонидан эса президент Владимир Путиннинг махсус вакили Кирилл Дмитриев ҳамда омбудсман Яна Лантратова иштирок этиши кутилмоқда.
Олешки шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда гуманитар сулҳ 27 октябр куни тонгда бошланиб, 1 ноябр соат 22:59 да якунланган. Шу даврда ўт очиш вақтинча тўхтатилиб, тинч аҳолини эвакуация қилиш ва шаҳарга ёрдам етказиш ишлари амалга оширилган.
Ушбу келишувга Мелания Трамп иштирокида эришилган. Москва ва Киев АҚШнинг биринчи хонимини ўт очишни тўхтатишни ташкил этишдаги асосий воситачи сифатида кўрсатмоқда.
Гуманитар операция давомида Олешкидан юзлаб тинч аҳоли вакилларини олиб чиқишга муваффақ бўлинган. Бундан ташқари, шаҳарга гуманитар ёрдам юклари ҳам етказиб берилган.












