Янги турга Infernogallus jamesi номи берилди. Бу ном «Жеймснинг дўзах товуғи» деган маънони англатади. Унинг яхши сақланган тошқотган қолдиқлари АҚШ ғарбидаги палеонтологик топилмаларга бой Хелл-Крик ҳудудидан топилган.
Тадқиқотда АҚШнинг Стоуни-Брук университети ва Канаданинг Онтарио қироллик музейи олимлари иштирок этди. Улар динозаврнинг деярли тўлиқ сақланган бош суяги ҳамда скелет қисмларини ўрганди. Натижалар Nature Communications журналида чоп этилди.
Бу динозавр бўр даврининг охирида, тираннозавр ва трицератопс каби машҳур йирик жонзотлар билан бир даврда яшаган. Бироқ улардан фарқли равишда, анча кичик бўлган: гавдаси йирик куркани эслатган, вазни эса тахминан 12 килограммни ташкил этган.
Infernogallus jamesi қушларга ўхшаш динозаврлар — овирапторозаврлар гуруҳига мансуб. Унинг озиқланиш усулини тушунишда тишсиз тумшуғи ва жағ суякларининг тузилиши асосий далил бўлди.
Олимлар компютер томографияси ёрдамида бош суягининг ички ва ташқи тузилишини батафсил ўрганди. Суяклар ҳамда мушаклар бириккан жойларни таҳлил қилиб, жағ аппарати қандай ишлаганини тиклади. Бу усул миллионлаб йиллар аввал яшаган жонзотнинг озуқани қандай майдалаганини баҳолаш имконини берди.
Натижада жағ мушакларининг жойлашуви одатдагидан анча фарқ қилиши аниқланди. Ушбу тузилиш пастки жағнинг олдинга ва орқага ҳаракатланишига имкон берган. Оғиз ичидаги бир-бирига мос келувчи қирра ва эгатлар эса юмшоқ озуқани эзиш ҳамда майдалашга ёрдам берган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, бундай механизм этли, юмшоқ меваларни қайта ишлаш учун қулай бўлган. Шу асосда улар динозавр рационининг катта қисмини гулли ўсимликларнинг мевалари ташкил этган бўлиши мумкин, деган хулосага келди.
Шунга ўхшаш озиқланиш механизми ҳозирги айрим мевахўр тўтиқушларда ҳам учрайди. Уларда ҳам жағ ҳаракати юмшоқ мева этини эзишга хизмат қилади. Қадимги динозавр ва замонавий қушлардаги бу ўхшашлик янги турнинг эҳтимолий рационини тушунишда муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ жағ тузилишига қараб чиқарилган хулоса динозаврнинг ҳар бир еган озуқаси аниқланганини англатмайди. Ҳозирги далиллар унинг юмшоқ ўсимлик озуқасини, айниқса, меваларни истеъмол қилишга ихтисослашганини кўрсатмоқда.
Топилма динозаврларнинг қадимги экотизимлардаги ўрни ҳақида ҳам янги саволларни ўртага ташлади. Мева билан озиқланадиган ҳайвонлар кўпинча ўсимлик уруғларининг тарқалишига ёрдам беради. Улар ютган уруғлар ҳазм бўлмай, бошқа жойга тушса, ўсимлик янги ҳудудда ўсиш имконига эга бўлади.












