Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Миллий боғдаги пляжда 5 август куни 4 ёшли қиз сувда чўкиб вафот этгани айтилган хабарлар тарқалди.
Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб, пляж фаолияти тўхтатилганини аниқлади. Воқеа гувоҳлари чиндан ҳам ушбу ҳолат содир бўлганини тасдиқлади.

Боғ маъмурияти ходимлари воқеа юзасидан изоҳ бериш ваколатига эга эмаслигини билдирган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Gazeta’га маълум қилишича, 4 ёшли қиз 8 ёшли опаси ва бувиси билан бирга чўмилиш келган ва сувга чўкиб кетган.
Воқеа жойига чақирилган тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан кўрсатилган биринчи ёрдамга қарамай, у вафот этган.
Шифокорлар томонидан тақдим этилган маълумотномага кўра, марҳуманинг танасида ҳеч қандай тан жароҳати аломатлари аниқланмаган.
Ҳозирда ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи, прокуратура ва суд-тиббий экспертиза бюроси ходимлари томонидан ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистонда 2026 йилнинг сўнгги олти ойида 111 киши сувга чўкиб кетиб, вафот этган.










