Американинг йирик чип ишлаб чиқарувчиси Nvidia компанияси 8 ноябр, якшанба куни ўз раҳбари Женсен Хуанг Хитой махсус хизматларига ишлаши мумкин бўлган аёл билан ишқий муносабатда бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан мустақил текширув бошланганини маълум қилди.
Nvidia директорлар кенгашининг билдиришича, ҳозирча махфий маълумотлар сизиб чиққанидан шубҳаланиш ёки АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид юзага келгани ҳақида гапириш учун етарли асослар йўқ.
Баёнотда Хуанг компанияга раҳбарлик қилишни давом эттиришни режалаштираётгани ҳам қайд этилган. Шунга қарамай, директорлар кенгаши мавжуд барча маълумотларни мустақил равишда текширишга топшириқ берди.
Женсен Хуанг Nvidia ходимларига йўллаган ички хизмат хатида ишқий муносабатда бўлганини тан олди ва турмуш ўртоғига хиёнат қилганидан «чуқур афсусда» эканини билдирди.
«Менинг хатти-ҳаракатларим рафиқам ва фарзандларимга оғриқ етказди. Қилган ишимни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Оиламиз бу воқеани енгиб ўтишига ва вақт ўтиши билан уларнинг ишончини қайта қозонишимга умид қиламан», — деб ёзди у.
Хуанг, шунингдек, Nvidia манфаатларини ҳимоя қилиш ва АҚШ миллий хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиш ниятида эканини таъкидлади.
The New York Times: АҚШ махсус хизматлари Nvidia раҳбарининг маъшуқасини кузатган
Аввалроқ The New York Times газетаси Хуангнинг АҚШ махсус хизматлари Хитой разведкасининг эҳтимолий ахборот етказувчиси деб ҳисоблаётган аёл билан ишқий муносабати ҳақида хабар берган эди.
Журналистлар маълумотига кўра, Nvidia раҳбари ўзи билан бир хил фамилияга эга бўлган Элис Хуанг билан ишқий муносабат ўрнатган. У Сингапурда жойлашган Megaspeed компаниясига раҳбарлик қилади. Мазкур компания маълумотларни қайта ишлаш марказларини бошқаради ва Nvidia чипларини харид қилади.
The New York Times манбаларининг айтишича, АҚШ махсус хизматлари Элис Хуангни Хитой Давлат хавфсизлиги вазирлиги томонидан ёлланган деб ҳисоблагани учун уни кузатиб борган.
Тахминан бир йил аввал АҚШ президенти Доналд Трампга ҳам аёл устидан кузатув олиб борилаётгани ҳақида маълум қилинган.
Бироқ журналистлар Элис Хуанг Пекинга айнан қандай маълумотларни етказган бўлиши мумкинлигини ва бу маълумотлар қай даражада қимматли эканини аниқлай олмаган.








