1970-1980-йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва саноат жадаллик билан ривожланади. Чўллар ўзлаштирилади, йирик саноат корхоналари қурилади.
Натижада бу Москвада ўтирган масъулларнинг ҳам эътиборини тортади ва ўша пайтларда СССРни бошқариб турган Леонид Брежнев Тошкентга бир неча марта ташриф буюради.
1982 йилда амалга оширилган ана шундай ташрифларнинг бири Брежневнинг ҳаётида оғир из қолдиради ва катта эҳтимол билан унинг вафотига сабаб бўлади.

Нохуш ҳодиса
1982 йил 23 март куни Леонид Брежнев Тошкентга келади. Ташриф давомида у бир қатор жойларда, жумладан Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида бўлиши, якунда тантанали йиғинда Ўзбекистонга навбатдаги Ленин орденини топшириши режалаштирилганди.
Мартабали меҳмонни кутиш учун Тошкент авиация бирлашмасида катта тайёргарлик кўрилади. Ҳаммаёқ тозаланиб, тартибга келтирилади.
СССР раҳбари бирлашмага келгандан сўнг уни Ил-76 самолётлари йиғилаётган катта ангарга олиб киришади. У ерда масъуллардан ташқари кўплаб ишчилар ҳам бор эди. Брежневни яқиндан кўриш учун завод ишчилари самолётлар орасидаги майдончалар, зинапоялар ва эстакадаларга жойлашади.
Брежнев ва Шароф Рашидов ҳамроҳлигидаги делегация йиғув цехидан ўтиб бораётган пайтда қарсиллаган овоз эшитилади. Одамлар оғирлигини кўтара олмаган катта темир конструкция Брежнев, Рашидов ва уларнинг тан соқчилари устига қулаб тушади.
Шунда конструкциядаги темир Брежневнинг елкасига урилади ва совет раҳбари йиқилиб тушади. Нохуш ҳодиса бир лаҳзада содир бўлгани учун қўриқчилар ғафлатда қолади ва оқибатда Брежнев жароҳатланади. Ўшанда бахтли тасодиф туфайли Рашидовга ҳеч нарса қилмайди.

Ўша куни шахсий тансоқчи сифатида Брежневнинг ёнида бўлган Владимир Медведев кейинчалик «Орқадаги одам» китобида ҳодисани шундай эслайди:
«Бирдан даҳшатли қичқириқ ва ваҳима кўтарилди. Биз Бош котиб атрофида эдик. Металл ва ёғочлар тўғри устимизга қулади. Мен Брежневни ўз танам билан ёпишга ҳаракат қилдим, лекин оғир конструкция унинг ўнг томонини босиб қолди. Завод цехида чанг ва ваҳима ҳукмрон эди. Биз Брежневни зудлик билан оғир темир ва ёғоч бўлаклари остидан тортиб олдик. У ҳушида эди, лекин қаттиқ эсанкираган ва оғриқдан азобланаётганди».
Ҳодисадан сўнг Брежневнинг қўриқчилари уни дарҳол Дўрмондаги ҳукумат қароргоҳига олиб кетишади. Брежневнинг шахсий шифокори, доим унга ҳамроҳлик қилган шифокор Михаил Косарев кейинчалик турли нашрларга берган интервюларида Тошкентдаги ҳодисани шундай эслайди:
«Брежнев Дўрмондаги қароргоҳга олиб келинганда қаттиқ шок ҳолатида эди. Унга дарҳол кучли оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи уколлар қилинди. Текширувда ўнг ўмров суяги сингани ва суяклар жойидан силжиб кетгани маълум бўлди.
Энг ёмони, унинг умумий соғлиғи ўта заиф — юрак аҳволи ва ёши сабабли операция қилиш имконсиз эди. Биз фақат оғриқни қолдириш ва синган жойни қимирлатмай ушлаб туриш билан чекланишга мажбур эдик. Лекин у оғриқдан жуда азият чекарди».
Ўшанда Брежневни Москвадаги Кремл касалхонасига олиб кетмоқчи бўлишганда совет раҳбари рози бўлмайди. У жароҳатланганига қарамасдан Тошкентда яна икки кун бўлади ва режалаштирилган тадбирларнинг қолган қисмида ҳам қатнашади. 24 март куни Ўзбекистонга Ленин орденини топширади.

25 март куни ўтказилган тадбир охирига бориб бориб Брежневнинг аҳволи ёмонлашади ва у ҳушини йўқотади. Совет раҳбарини зудлик билан Москвага олиб кетишади.
Брежнев Москвага қайтган заҳоти уни аэропортнинг ўзиданоқ Кремл касалхонасига олиб боришади ва тиббий текширувлардан ўтказишади. Сўнг муолажа бошланади.
Кремл бош шифокори бўлиб ишлаган Евгений Чазов кейинчалик «Саломатлик ва ҳокимият» китобида Брежневнинг жароҳати ҳақида шундай ёзганди:
«Брежневнинг ўнг ўмров суяги синган ва суяк парчалари сурилиб кетган эди. Кекса ёшдаги ва умумий аҳволи оғир бўлган бундай бемор учун бу хавфли жароҳат ҳисобланарди. Операция қилиш жуда хавфли, чунки у наркозни кўтара олмаслиги мумкин эди».
Совет раҳбарининг Тошкентда жароҳатлангани ва бир ўлимдан қолгани СССРда оммадан яширилади. Ҳеч қаерда бу ҳақда хабар берилмайди. Бироқ Ғарб матбуоти Тошкент сафарида совет раҳбарининг соғлиги жиддий ёмонлашгани ва у Москвада касалхонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқатади.
Брежнев Москвага қайтгач қарийб бир ой омма кўзидан ғойиб бўлади. Шу даврда у даволанади ва бироз соғайгач иш фаолиятини давом эттиради. У Тошкентдаги ҳодисадан сўнг илк марта 22 апрел куни Ленин таваллудининг 112 йиллиги тантаналарида кўриниш беради.
Замондошларининг кейинчалик эслашича ўшанда у анча озиб кетган ҳолда бўлган. Шу чиқишидан кейин турли миш-мишларга ишониб юрган одамлар «Брежнев тирик экан ва у ҳали ҳам СССРни бошқаряпти» деган хулосага келишади.
1982 йил май ойидан бошлаб Брежнев ишлай бошлайди. Бироқ унинг соғлиғи ва жисмоний ҳолати яхши эмасди. Шу сабабли бир неча марта хориждан келган турли делегациялар билан учрашувларда қатнаша олмайди. Чет давлатларга режалаштирилган давлат ташрифлари бекор қилинади.
Кузга бориб Брежневнинг соғлиги бироз тикланади ва у расмий тадбирларда қатнаша бошлайди. Брежнев сўнгги марта оммага 1982 йил 7 ноябр куни октябр инқилобининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тадбирларида кўриниш беради. Бир неча кундан сўнг у вафот этади.

Брежневнинг ўлимида Андроповнинг қўли борми?
Тошкент ташрифидан сўнг Брежневнинг соғлиги ёмонлашар экан, Кремлда унинг ўрнига ким ўтириши масаласи долзарб масалага айланади. Ана шу жараёнда КГБ собиқ раиси Юрий Андропов отни қамчилаб қолади.
1982 йил 26 май куни тўсатдан Андропов КГБ раиси лавозимидан истеъфога чиқади ва КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимини эгаллайди. Бу амал аслида КГБ раҳбари лавозими олдида жуда кичик бўлса-да мамлакат раҳбарлигини қўлга олиш учун қўйилган муҳим қадам эди.
1982 йил 10 ноябр куни Брежнев вафот этади. Бу ҳақда оммага 11 ноябр куни хабар берилади ва 15 ноябр куни у дафн этилади. Андропов эса Брежневнинг дафн маросими ўтиб бўлишини ҳам кутиб турмайди ва 12 ноябр куни КПСС марказий қўмитасининг биринчи секретари лавозимини эгаллаб, СССР раҳбари бўлади.
СССР даврида шов-шувли ҳодисалар оммадан яширилган, уларга дахлдор ҳужжатлар махфий сақланган. 1990-1991 йилларда СССР тарқаши арафасида ва ундан сўнг бир муддат архивлар очилади ҳамда кўплаб ишлар ошкор бўлади. Ана шунда Брежнев ўз ажали билан ўлмагани ва Андропов унга суиқасд қилгани ҳақида гап-сўзлар ўртага чиқади.
Ёши 75 да бўлган Брежнев кексалик туфайли тез-тез бетоб бўларди. Аммо ҳар доим унинг соғлиги мамлакатдаги энг яхши врачлардан иборат гуруҳ назоратида бўлган. Брежнев Москва вилоятидаги Зарече қароргоҳида шубҳали тарзда вафот этганда у ерда врачлар йўқ эди.
Қароргоҳ қўриқчилари совет раҳбарининг аҳволи оғирлашгани ҳақида (бу пайтда у ўлиб бўлганди) хабар беришгандан сўнг ҳам врачлар анча кечикиб етиб келишади.

Аксарият тарихчилар ҳамда Кремлда бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисаларнинг тирик гувоҳлари 10 ноябр куни Брежнев ўз ажали билан ўлмаганини, унга Андроповнинг хос одамлари суиқасд уюштирганини айтишади.
Бундай гап-сўзлар бекорга тарқалмаган. Гап шундаки, 1982 йил октябр ойи ўрталарида Брежнев КПСС марказий қўмитаси котиби Иван Капитоновга ноябр ўрталарида истеъфога чиқишини ва ўрнига ўша пайтда Украинага раҳбарлик қилаётган Владимир Шербицкийни тайинлашини айтади. Ўз навбатида Капитонов гапни Андроповга етказади. Шундан сўнг Андропов нима қилиб бўлса-да Брежневдан тезроқ қутулиш пайида бўлади.
Бошқа манбалар эса Андропов Брежневнинг олдида навбатчилик қилиб кетган шифокорларни қўлга олиб, уларни совет раҳбаридан бироз узоқлаштирганини, оқибатда Брежнев вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани туфайли вафот этганини айтади.
Шунингдек, Брежневнинг ўлимига Тошкентда олган жароҳати сабаб бўлган дегувчилар ҳам бор. Бироқ кўпчилик совет раҳбарининг ўлимига Тошкентдаги жароҳат сабаб бўлганига ишонмайди. Чунки кузгача Брежнев соғлигини бироз тиклаб олган ва анча бардамлашганди.
Брежневнинг вафоти бўйича берилган расмий тиббий хулосада унинг ўлимига юрак-қон томир тизимининг оғир сурункали касалликлари фонида тўсатдан юрак уришининг тўхташи сабаб қилиб кўрсатилган.
Умуман олганда Брежнев ўз ажали билан вафот этгани ҳақиқатга яқин. Чунки у ҳаёти давомида бир неча марта юрак хуружига учраган, 1976 йилда оғир инсултни бошдан кечирганди. Ўшанда шифокорлар уни клиник ўлим ҳолатидан қайтаришган.
Шундан сўнг Брежнев умрининг охиригача тинчлантирувчи ва уйқу дориларини меъёридан ортиқ даражада истеъмол қилиб юрган. Бу эса унинг марказий асаб системаси ва юрак фаолиятини янада кучсизлантирган.

Брежневнинг тансоқчиси Владимир Медведев «Совет раҳбарининг ўлимида Андроповнинг қўли борми?» деган саволга шундай деб жавоб берган:
«Андропов Брежневга жисмоний зарар етказганига ишонмайман. Лекин у Брежневни маънавий жиҳатдан «ўлдирди». Андропов унинг энг яқин дўсти Ички ишлар вазири Шчолоков ва қизи Галина атрофидаги можароларни атайлаб Брежневга етказарди. Ҳар бир шундай суҳбатдан сўнг Брежневнинг аҳволи кескин ёмонлашар, у тушкунликка тушиб қоларди. Андропов унинг руҳан ва жисмонан сўнаётганини жуда яхши биларди».
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Брежневнинг соғлиғида етарлича муаммолар бўлган. Тошкентдаги жароҳатлар ва Андроповнинг ҳокимиятни қўлга олишга интилиши ана шу муаммоларни кўпайтирган ва совет раҳбарининг вафот этишига қисман сабаб бўлган.














