Компания маълумотига кўра, ҳодиса сунъий йўлдош Ғарбий Австралиядаги кузатув майдончаларидан бири устидан ўтаётганида қайд этилган. Аппаратнинг парчаланишига нима сабаб бўлгани хабарда очиқланмаган.
LeoLabs буни сўнгги ойларда кузатилаётган ўхшаш ҳодисаларнинг навбатдагиси деб баҳолаган. Компания бундай воқеалар космик аппаратларнинг хавфсизлигига таҳдид кучаяётганини кўрсатиши ва узлуксиз мониторинг зарурлигини таъкидлаган.
«Метеор-2-7»дан олдин ҳам бир нечта аппаратнинг парчаланиши қайд этилган. Жумладан, 2026 йил сентябрда совуқ уруш даврига мансуб АҚШнинг USA 32 разведка сунъий йўлдоши парчалангани тасдиқланган.
Август охирида эса Ер атрофидаги паст орбитада Хитой ракетасининг босқичи парчаланган. Бундан тўрт ойдан кўпроқ вақт аввал SpaceX’нинг Starlink тизимига тегишли сунъий йўлдош билан ҳам шундай ҳодиса юз берган. Январда Россиянинг инспектор сунъий йўлдоши анча баландда — геостационар орбитада парчаланган.
Мутахассислар орбитада аппаратлар сонининг ортиши тўқнашувлар хавфини кучайтиришидан кўп йиллардан буён огоҳлантириб келади. Битта йўлдошнинг парчаланиши янги бўлакларни ҳосил қилади. Улар бошқа аппаратларга урилиб, яна кўпроқ чиқинди пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Материалда келтирилган Европа космик агентлиги маълумотларига кўра, 2005 йилда Ер орбитасида кузатиб борилаётган космик чиқинди бўлаклари сони қарийб 16 мингта бўлган. 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 44 мингтадан ошган — ўсиш тахминан 180 фоизни ташкил этган.
Космик чиқиндилар катта тезликда ҳаракатланади. Шу сабабли ҳатто кичик бўлак билан тўқнашув ҳам сунъий йўлдошга жиддий зарар етказиши мумкин.
Аппаратлар фақат чиқиндилардан эмас, бошқа сунъий йўлдошлардан ҳам четланишга мажбур бўлмоқда. Айниқса, Ер атрофидаги паст орбитада ҳаракат тобора тиғизлашмоқда.
Материалда SpaceX’нинг АҚШ Федерал алоқа комиссиясига тақдим этган маълумотлари ҳам келтирилган. Унга кўра, 2025 йил 1 июндан 2026 йил 31 майгача бўлган даврда ҳар бир Starlink сунъий йўлдоши тўқнашувдан қочиш учун йилига 40 тадан ортиқ манёвр бажарган.














