Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқара шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги битимни имзоладилар.

Бундан ташқари, кўп қиррали ва узоқ муддатли шерикликнинг турли йўналишларини қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Хусусан:

– Имтиёзли савдо битими доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш тўғрисидаги баённома;

– Ижтимоий таъминот тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ва уни амалга ошириш бўйича маъмурий битим;

– 2022 йил 29 мартда имзоланган давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённомага ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қўшимча баённома.

Фото: Президент матбуот хизмати

Имзоланган ҳужжатлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ишбилармон доиралар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда икки мамлакат фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида амалий ташриф билан Анқара шаҳрига келди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити тадбирларида иштирок этади.

“Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик” шиори остида ўтадиган анжуман кун тартибидан устувор йўналишлардаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.