18:52 / 06.05.2019
13205
Амалларни қандай қилиб ибодатга айлантириш мумкин?

Kun.uz таҳририяти томонидан Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан “Кун ҳадиси” дастури тақдим этиб борилади. Унда турли мазмунга эга ҳадисларнинг шарҳи билан танишиш мумкин. Бугунги ҳадиснинг мазмуни ният ва амал масаласида бўлиб, бу мавзу ҳақидаги ҳадисни “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий шарҳлаб берди.

Видео: Youtube

Видео: mover.uz (Tas-IX)

- Бугунги ўқийдиган ҳадисимиз аксар ҳадис китобларида энг аввал зикр қилинадиган ҳадисдир. Уламолар ва муҳаддислар орасида “Умму Қайснинг муҳожири” деган ном билан машҳур бўлган ушбу ҳадиси шарифни буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Насаий ҳамда Ибн Можа ривоят қилишган. Ушбу ҳадиснинг мазмуни шундан иборат, яъни “амаллар ниятларга боғлиқдур”. Ким нима амал қилса, шунга яраша бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилган бўлади. Кимнинг ҳижрати мол-дунё учун бўлган бўлса, шуни топади. Кимнинг ҳижрати бир аёл учун бўлган бўлса, аёлга уйланишликни топади. Ким ҳижратида нимани ният қилган бўлса, ниятига эришади, деган мазмундаги ҳадиси шариф. 

Бу ҳадис яхши ва ёмоннинг орасини фарқлаб берган. Амаллар ниятга қараб, ибодат даражасига кўтарилиши мумкинлигини хабарини берган ҳадис. Амаллар, асосан, уч хил бўлади. Булар: амрлар, наҳийлар ва мубоҳ амаллар. Амрлар – Аллоҳ таолонинг буйруқлари, наҳийлар – Аллоҳ таоло қайтарган нарсалар, учинчиси – мубоҳлар амр ҳам эмас, наҳий ҳам эмас бўлган амаллар. Ният билан бу амаллар ибодатга айланади, ниятсиз эса ёки ният бузилган бўлса, ўша ибодатлар риёга, ширкка айланиб қолади.

Бу ҳадиснинг бугунги кундаги энг манфаатли жиҳати шуки, агар ниятлар тўғри бўладиган бўлса, банда қилаётган ҳар бир амалини ибодатга айлантириши мумкин. Масалан, молига қараётган киши “молларни оч қолдирмаслик менга буюрилган амал, унга суви ва емини ўз вақтида бермасам гуноҳ бўлади”, деган ниятда ем ташласа, ўша иши ибодатга айланади. Таҳорат олиб, “Бисмиллаҳ”ни айтиб, уйқуга кетса, унинг уйқуси тонгача ибодатга айланади. Чунки унинг нияти шунга тўғирланган эди.

Top