8518.68 USD +5.11

9652.52 EUR +145.42

131.33 RUB +0.92

10847.7 GBP +94.20

01:10 / 30.05.2019 4636

Нурсултон Назарбоевга Евросиё олий иқтисодий кенгаши фахрий раиси унвони берилди

Фото: РИА "Новости"

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистон, Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистонни бирлаштирувчи Евросиё иқтисодий иттифоқининг олий органи – Евросиё олий иқтисодий кенгашининг (ЕОИК) фахрий раисига айланди.  

Назарбоевга ушбу унвоннинг берилишини Нур-Султонда 29 май куни ЕОИКнинг йиғилиши очилишида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев эълон қилди. Тоқаевнинг таъкидлашича, Назарбоевга бу унвоннинг берилиши ташаббусини Россия президенти Владимир Путин билдирган, ЕОИИ давлатлари уни қўллаб-қувватлашган.

Тоқаев ЕОИИни ташкил қилиш ғояси айнан Назарбоевга тегишли эканини эслатиб ўтган. 

Ўз навбатида, Беларусь президенти Александр Лукашенко Назарбоевнинг ушбу лавозимга тайинланиши шунчалик расмиятчилик эмаслигини айтган. “Буни кеча Қозоғистон президенти бўлган, бугун эса кетган одамга бир совға деб ўйлаш керак эмас. Биз бу одамдан иттифоқимиз учун ҳали кўп ижобий нарсаларни олишимиз мумкин”, деб таъкидлаб ўтган Лукашенко. Унинг таъкидлашича, Назарбоев ЕОИИга аъзо давлатларнинг реал иқтисодий бирлашишига халақит қилаётган иқтисодий тўсиқлар билан курашда катта ёрдам кўрсатиши мумкин. 

Қозоғистоннинг биринчи президенти янги лавозимга киришиб, ЕОИИга бир қатор чораларни қабул қилишни таклиф қилган. Жумладан, унинг фикрича, иттифоқ АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушидан унумли фойдаланиши керак. Назарбоевнинг таъкидлашича, савдо урушлари сабабли АҚШ ва Хитойдан маҳсулотлар етказилишида муаммолар юзага келиши мумкин ва ЕОИИ давлатлари бундан унумли фойдаланиб, ўз маҳсулотларини таклиф қилиши керак.

Top