17:12 / 16.05.2020
2396
Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлайди
Фото: IC

Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов Осиё инфратузилмавий инвестиция банки (ОИИБ) президенти Цзин Лицюн билан Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг жорий ҳолатини, шунингдек, коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган глобал инқироз ҳодисаларининг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш борасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

«Мулоқот давомида жаноб Лицюн банкнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор салоҳиятини ошириш ва республика ҳудудларида базавий инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қатъий ниятларини айтиб ўтди», деб хабар берган Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Жумладан, ОИИБ ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш ва иш ўринларини сақлаш мақсадида банк раҳбарияти Ўзбекистондаги тижорат банкларига янги кредит линияларини ажратиш орқали қўшимча ресурсларни йўналтиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати номидан банк раҳбариятига ОИИБ инвестиция қўмитаси томонидан ўтган ҳафтада қиймати 156 миллион АҚШ долларини (лойиҳанинг умумий қиймати 1,3 миллиард АҚШ доллари) ташкил этадиган Бухоро вилояти автомобиль йўллари инфратузилмасини модернизациялаш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида махсус кредит маъқуллангани учун миннатдорчилик билдирилди.

Шунингдек, банк томонидан умумий қиймати 500 миллион АҚШ доллари атрофида бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида автомобиль йўллари, аҳоли пунктлари учун сув ва иссиқлик таъминоти тизимларини реконструкция қилиш лойиҳалари учун узоқ муддатли имтиёзли кредитларни ажратиш жараёни қисқа муддатларда якунланиши маълум қилинди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top