11:00 / 07.07.2020
5218
Хитой қурол савдоси ҳақидаги келишувга қўшилди

Хитой Қурол савдоси ҳақидаги халқаро келишувга қўшилди. Бу ҳақидаги тегишли ҳужжатни Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Цзюнь БМТ бош котиби Антонио Гутерришга топширди.

Фото: TASS/EPA

Чжан Цзюннинг таъкидлашича, Хитой келишувнинг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватлайди ва халқаро қурол савдосини тартибга солиш ҳамда унинг ноқонуний айланмасига қарши чораларни қабул қилишга рози. Хитой вакилининг айтишича, келишувга қўшилиш Хитойнинг халқаро ва минтақавий барқарорликни таъминлаш учун қурол савдосини глобал бошқаришда муҳим қадами ҳисобланади

Чжан Цзюнь бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг муаммоси бир тарафлилик бўлиб қолганига эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, баъзи давлатлар қуролланишни назорат қилиш ҳақидаги ва бошқа халқаро келишувлардан чиқиб кетмоқда, бу эса барча давлатларнинг глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларига путур етказмоқда.

Чжан Цзюнь Хитой БМТнинг мақсадлари ва тамойилларига амал қилишини, қуролланишни назорат қилиш соҳасидаги халқаро келишувни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтган.

Юқоридаги келишув 2013 йил 2 октябрда БМТда қабул қилинган ва 2014 йил 24 декабрда кучга кирган. Унда айни вақтда 107 давлат иштирокчи ҳисобланади.   

АҚШ 2019 йил апрелида келишувдан чиқишга қарор қилган. Ўшанда АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маъмуриятининг келишувни ратификация қилмаслигини маълум қилган. Оқ уйда таъкидланганидек, бунга кўплаб давлатлар, жумладан Россия ва Хитойнинг келишувда иштирок этмаслиги сабаб бўлган.  

Top