10:24 / 20.01.2021
5563
Вашингтонга инаугурация вақтида тартибни таъминлаш учун 25 минг гвардиячи келди
Фото: ТАСС

АҚШ пойтахти Вашингтонга 20 январда Жо Байденнинг инаугурацияси вақтида тартибни таъминлаш учун Миллий гвардиянинг 25 минг хизматчиси келди. Бу ҳақда Миллий гвардия бюроси раҳбари генерал Дэниел Хокансон маълум қилди. 

“Ҳарбийлар улар олдига қўйилган ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр”, деб таъкидлаб ўтган генерал.

Хокансон ҳарбийлар қуролланганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, бундай қарор ҳуқуқ-тартибот идоралари кўрсатмасига биноан қабул қилинган.

Пойтахтга АҚШнинг барча 50 штати ва ҳудудидан гвардиячилар, техника ва юкларни етказиш учун 150дан кўпроқ авиарейс амалга оширилган.

Бундан ташқари, тартибни таъминлашга Колумбия округи полициясининг бутун шахсий таркиби – 5,8 минг киши жалб қилинган. 

Вашингтонда инаугурация арафасида радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя бўлинмалари жойлаштирилиб, улар оммавий қирғин қуроллари қўлланиши билан боғлиқ ҳолатларга жавоб беришга шай ҳолга келтирилган. Шунингдек, ушбу мақсадда Атлантика зарбдор гуруҳи каби махсус отрядлар ҳам жалб қилинган.  

Инаугурация вақтида хавфсизликни таъминлаш бўйича амалиётга АҚШ махфий хизмати бошчилик қилади. Бундан ташқари, амалиётга ФҚБнинг кўп сонли агентлари жалб қилинган. 

Бу орада Вашингтон маркази тўлиқ ўраб олинган. Барча давлат муассасалари бинолари қўриқланиши кучайтирилган. Вашингтоннинг марказий туманларидаги метро станциялари ёпилган. Потомак дарёсидан ўтувчи бош кўприклар ҳам тўсилган. Бундан ташқари, АҚШ соҳилбўйи қўриқлаш хизматининг бир неча ўн катери ёпилган туманларга сув орқали кирилишига йўл қўймаслик учун Потомак ва Анакостия дарёларини патрул қилмоқда.

Шунингдек, шубҳали сузиш мосламаларини кўздан кечириш учун масофадан бошқарилувчи роботлар қўлланмоқда. Портловчи моддаларни излаш учун хизмат итлари жалб қилинган.

Потомак дарёси бўйида кимёвий, биологик ва радиацион ҳужум ҳолатида юқори мансабдор шахсларга биринчи ёрдам кўрсатувчи ходимларни дезактивациялаш қурилмалари ўрнатилган кўк рангли чодирлар жойлаштирилган.

Top