18:57 / 20.03.2021
6639
Саҳродаги 678,2 млн долларлик ИЭС қандай ишлайди? 

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги томонидан 17-18 март кунлари Қорақалпоғистондаги «Тахиатош» иссиқлик электр станциясига икки кунлик пресс-тур ташкил этилди. Унда маҳаллий ва хорижий журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди. Пресс-турнинг биринчи куни ОАВ вакиллари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. 

Станциянинг 2 та янги буғ-газ қурилмаси Жанубий Кореянинг «Hyundai Engineering» ва «Hyundai Engineering & Construction» компаниялари консорциуми томонидан ўрнатилган.

Пудратчи томонидан қурилиш-монтаж ишлари 100 фоизга бажарилган бўлиб, ўрнатилган ускуналар Aмериканинг «GE» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

«Тахиатош» ИЭС директори Фахриддин Халиллаевнинг айтишича: «Агар илгари 1 кВт/соат электроэнергияни ишлаб чиқиш учун 430 гр газ сарфланган бўлса, айни вақтда янги технологиялар туфайли сарфланаётган газ миқдори 250 гр ни ташкил этмоқда» (газнинг қарийб 40 %и тежаб қолинмоқда).

Пресс-тур давомида «Тахиатош» ИЭС буғ-газ қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича катта устаси Қудрат Aбдуллаев станция қандай ишлаши, янги ва эски станциядаги фарқли жиҳатлар, шунингдек Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм электр энергияси билан тўлиқ таъминланиши борасидаги саволларга батафсил жавоб берди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 678,2 млн AҚШ долларини ташкил қилади. Шундан:

  • 300 млн АҚШ доллари Осиё тараққиёт банкининг инвестиция маблағлари;
  • 230,7 млн АҚШ доллари Ўзбекистон «Тикланиш ва тараққиёт» жамғармасининг кредит маблағлари;
  • 27,3 млн АҚШ доллари «Ўзбекэнерго» маблағлари;
  • 120,2 млн АҚШ доллари Ўзбекистоннинг лойиҳани қўллаб-қувватлашдаги улуши ҳисобланади.

ИЭСнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, янги жорий этилаётган иккита буғ-газ қурилмасининг ишга тушиши билан станциянинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари қуйидагича бўлади:

  • станциянинг ўрнатилган қуввати 730 МВт дан 1000 МВт гача ошади;
  • йиллик ишлаб чиқариладиган электр энергия миқдори 3,0 млрд кВт соатдан 3,6 млрд кВт соатгача ошади;
  • 1 кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган шартли ёқилғи миқдори 170,36 гр/кВт соатга камаяди. Бу билан бир йилда 488,6 млн м3 табиий газ тежалишига эришилади;
  • йиллик сув сарфи 293 млн м³га камаяди ва йилига 159 млн м³ни ташкил қилади;
  • азот оксиди чиқиндиси 3,5 баробар камаяди;
  • атмосферага чиқадиган ялпи чиқиндилар 5,1 баробар, йилига 3056,674 тоннага камаяди;
  • ИЭС чиқиндилари билан атмосферани ифлослантириш даражаси 3,2 баробар камаяди;
  • асосий парник гази - СО2 чиқиндилари йилига 972216,22 тоннага қисқаради;
  • парракли градирняда совитиладиган техник сув таъминотининг айланма тизимини қўллаш ҳисобига, Сууенли каналига ташланадиган термал сувлари қисқаради.
  • қўшимча янги иш жойлари ташкил этилиб, 100 та ишчи ва хизматчилар иш билан таъминланади.

Aйни пайтда станциядаги иккита буғ-газ қурилмасининг бирини тўлиқ маҳаллий муҳандислар бошқармоқда. Иккинчи қурилма эса тест режимида хорижлик экспертлар назорати остида ишламоқда.

Kun.uz мухбири Шуҳрат Саидаҳмадов
Монтаж устаси Aбдусалим Aбдувоҳидов

Top