10:52 / 08.08.2021
45966
Журналистга қилинган туҳмат Алламжонов ва Мирзиёева томонидан кескин қораланди

Qalampir.uz интернет-нашри журналисти Феруза Нажмиддиновага нисбатан унинг шаънини камситувчи туҳматга нисбатан бир қатор расмий баёнотлар ва муносабатлар эълон қилинди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз баёнотида журналистларга босим ўтказишнинг энг жирканч усулларидан бири — интернет тармоғида уюштирилган тазйиқ бўлиб қолаётганини қайд этган.

«Одатда бундай усулдан ножоиз ёки ноқонуний ишлари журналистик суриштирувга тушганлар фойдаланади.

Бунинг йўли оддий: ёлғон қанчалик даҳшатли бўлса, унга ишониш шунчалик осон. Тармоққа қинғир фейк жойланиб, ёлғоннинг тўлақонли тарғиботи бошланади. Мақсад – журналистларни қўрқитиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришдан бош тортишга мажбур қилиш.

Qalampir.uz интернет-ОАВ бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳам шу муаммога дуч келди. Аноним аккаунтлардан паст сифатдаги ифлос видео тарқатилди. Ундаги аёл Феруза Нажмиддинова дея даъво қилинмоқда.

Тармоқларда бу ёлғон илиб кетилиб, тарқатиб юборилди, натижада журналистга маънавий зиён етказилди. Шу муносабат билан яна бир бор барча ОАВ вакилларига мурожаат қилмоқчиман: «Бировларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб, манипуляция объектига айланманг, маълумотни текширинг». Аксарият ҳолларда журналист номини обрўсизлантиришнинг асосий сабаби оддий — қасос бўлади. Журналистни ёмонотлиқ қилишдан ким манфаатдорлигини ўйлаб кўринг.

Ҳамкасблар, агар сизнинг овозингизни ўчиришга, номингизни чаплашга ёки туҳматга қолдиришга уринишаётган бўлса, демак, Сиз тўғри йўлдасиз, кимгадир қаттиқ тегиб кетган ҳақиқатни ёзяпсиз.

Масс-медиа фонди бундай ҳолатларга жим қараб турмайди – биз ҳар бир профессионалнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қиламиз.

Пасткаш инсонлар доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо биз улардан чўчимаслигимиз керак.

Феруза, биз Сиз томондамиз!» — дейилади Алламжоновнинг баёнотида.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлаб, ўз Телеграм каналида видеочиқиш қилди.

«Ҳурматли журналист ва блогер опаларим, сингилларим.

Сизнинг ўткир қаламингиз, кучли зеҳнингиз таҳсинга сазовор. Бугунги бўлган жирканч воқеа асло шаштингизни сўндирмасин. Шантаж, бўҳтонлар сизни синдириб қўймасин. Мен сиз биланман, мен ёнингиздаман. Мен — Ферузаман», — деган ўз чиқишида Саида Мирзиёева.

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда ва Телеграм каналларда #Men_Feruzaman ҳэштеги оммалашмоқда. «Мумтоз давра» гуруҳига аъзо таниқли журналист аёллар ҳам Феруза Нажмиддиновани маънавий қўллаб-қувватлаб, унга бўлган бўҳтонни қоралаб видеочиқиш қилишди. 

Top