19:56 / 08.10.2021
2461
Ўзсаноатқурилишбанкда Туркиянинг Малтепе университети делегацияси билан учрашув ўтказилди
Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Жорий йилнинг 7 октябрь куни Ўзсаноатқурилишбанкда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқаруви раиси – Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси Сахи Аннакличев Туркиянинг Малтепе университети ректори, доктор Шахин Карасар бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Учрашувда туркиялик меҳмонлар Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди. Бу борада хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани наинки ўзбекистонлик ёшлар, балки иқтисодиётни, хусусан, кичик ва ўрта бизнес учун ҳам улкан имкониятлар яратиши қайд этилди.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Таъкидланганидек, мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилар экан, бунда илм-фанга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, мазкур фармон ижроси доирасида шу йил 21 август куни Ўзсаноатқурилишбанк ва Малтепе университети ўртасида Ўзбекистон Республикасида мазкур университет филиалини очиш бўйича меморандум имзоланган эди.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Учрашувда туркиялик мутахассисларга қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш, хусусан, юқори малакали тармоқ мутахассисларини тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ўз навбатида меҳмонлар Ўзбекистонда соҳа имкониятларга юқори баҳо бераркан, замонавий илм-фан ютуқларини мамлакатимиз ёшлари ва бошқа барча манфаатдор томонлар билан бўлишишга тайёрлигини маълум қилди.

Қайд этиш керак, Туркия юқори сифатли бетон ва темир-бетон ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган янги авлод кимёвий қўшимчалари ва пломба моддаларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси эканлигини ҳисобга олиб, Малтепа университети таълим дастурлари доирасида тегишли мутахассисларни тайёрлаш бўйича иш олиб боради.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Маълумот учун. Малтепе университети хусусий олий таълим муассасаси бўлиб, у 1997 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Истанбул таълим фонди” томонидан ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу олийгоҳда таълимнинг барча йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Ўзсаноатқурилишбанк Банк Ахборот хизмати

Top