Кеча, 13 январь куни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ОАВ вакиллари ва блогерлар учун Тошкент ҳарбий округида жойлашган ҳарбий қисмларга пресс-тур ташкил этилди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Ҳарбий округдаги десантчилар ва артиллериячилар ҳарбий қисмларида Ўзбекистон армияси томонидан фойдаланилаётган ҳарбий техникалар, қурол-яроғлар намойиш қилинди. Шунингдек, мутахассислар ҳарбий аслаҳаларнинг техник хусусиятлари билан таништирди.

Бундан ташқари, ҳарбийлар назарий билим олишлари учун тайёрланган ўқув-машғулот ва синф хоналари, тиббий тайёргарлик бўйича марказлар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Шунингдек, пресс-тур давомида артиллериячилар томонидан эстафета, десантчилар томонидан махсус тренажёрларда парашют билан сакраш машқлари ҳамда қўл жанги томошалари кўрсатилди.

Алишер Аъзамов / Фото: Kun.uz

“Бугун ОАВ вакиллари ва блогерлар учун “очиқ эшиклар куни” ташкил қилиниб, барча қурол аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг кўргазмали намойиши бўлиб ўтмоқда. Мақсадимиз – ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва армияга муҳаббатини ошириш. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз барча турдаги замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминланган бўлиб, Ўзбекистонни мустаҳкам ҳимоя қилишга қодирдир. Барча ўзбекистонликларни ватан ҳимоячилари куни билан табриклайман,” – дейди подполковник Алишер Аъзамов.