11:46 / 03.03.2022
4216
Тошкентда ЙТҲлар кўпроқ қайси туманларда юз бериши маълум бўлди

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши 57-сессиясида дастлаб Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Рафиқ Жалиловнинг ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар ва жорий йилдаги вазифалар хусусидаги ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, ўтган йил пойтахтда жами 1 073 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, уларнинг 114 таси ўлим билан боғлиқ бўлиб, 142 нафар фуқаро вафот этган. 

Йўл-транспорт ҳодисалари кўпроқ Чилонзор, Юнусобод ва Олмазор туманларида рўй берган. Сабаблари аҳоли сони, йўллар узунлиги ва рўйхатдан ўтган транспорт воситалари салмоғи кўплиги, мазкур туманлар пойтахтни вилоят ҳудуди билан боғлаши, транспорт воситалари шаҳар ҳудудига кириб-чиқиши юқорилиги билан изоҳланган.

Йўл-транспорт ҳодисалари тезликка риоя қилмаслик, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш, чорраҳа қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида рўй берган. Буларнинг олдини олиш мақсадида бошқарма тасарруфидаги жами 48 та фоторадар мосламалари дислокациялари ўзгартириб борилди. Мазкур фоторадарлар ёрдамида жами 530 514 та қоидабузарликлар аниқланиб, тегишли жазо чоралари белгиланди.

Шунингдек, баъзи ота-оналарнинг фарзандларини назорат қолдиргани сабабли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 16-17 ёшгача бўлган вояга етмаганлар томонидан 1 932 та қоидабузарликлар содир этилган.

Сессияда Халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Қирғизбоев президентнинг 2022 йил 3 февралдаги “Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижроси бўйича ахборот берди.

Таъкидланишича, бугунги кунда пойтахтда 340 та умумтаълим мактаби мавжуд. Ўқув муассасалари қуввати 350 минг ўрин бўлиб, уларда 478 минг ўқувчи таълим олмоқда. Бундан ташқари, 70 та хусусий, 12 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Жорий йилда 34 та (3 та янги, 14 та реконструкция, 13 та мукаммал, 4 та жорий таъмирлаш) мактабда қурилиш ишлари олиб борилади. 61 та мактаб компьютер техникаси билан жиҳозланади. Иккита физика ва математика, 3 та кимё ва биология ҳамда 2 та АКТга ихтисослаштирилган мактаблар бунёд этилади. Шу билан бирга, 5 та 3 000 ўринли хусусий мактаблар ташкил этилади.

Top