Асабийлашишнинг маркази мия ҳисобланади. Айнан ушбу орган атрофимиздаги айрим ҳодисаларни “таҳдид” сифатида баҳолайди ва гипоталамус орқали бутун танага сигнал юборади. Бу сигнал буйрак усти безларига боради, шундан сўнг у ердан адреналин ва кортизол деб номланувчи стресс гормонлари ажралади. Мазкур гормонлар сабаб асабийлашиш ҳолати юзага келади.

Бир марта асабийлашиш тана фаолиятини қандай ўзгартиради?

  • Юрак тезроқ ура бошлайди: тана хавфга тайёрланади ва ҳаракат қилишга ҳозирланади. Натижада юрак уриши 2-3 баравар тезлашади. Бу эса қон босимини оширади ва юракни зўриқтиради.
  • Нафас олиш тезлашади: мазкур ҳолатда организмга кўпроқ кислород етказилади, бу баъзан бош айланиши, бўғилиш ҳисси ёки ваҳима хуружига ҳам сабаб бўлади.
  • Қон асосан қўл-оёқ мушакларига йўналтирилади: югуриш ёки ўзини ҳимоя қилиш учун куч керак бўлади деган мақсадда мия организмга шундай буйруқ беради. Оқибатда қўл-оёқ совийди, терлаш кучаяди, мушаклар таранглашади.
  • Ошқозон ишлашни тўхтатади: тана бу пайтда овқатни эмас, муаммодан чиқишни устувор вазифа деб ҳисоблайди. Стрессда ҳазм қилиш тизими секинлашади. Одамда иштаҳа йўқолади, баъзида диарея ёки ошқозонда спазм кузатилади.
  • Мия бутун диққатини хавфга қаратади: одатдаги сокин фикрлаш ўрнига фақат тез ва кескин қарорлар чиқариш устунлик қилади. Одам ўйламай гапириб қўйиши, қарорларни шошиб, пушаймон бўладиган тарзда қабул қилиши шундан келиб чиқади.

Нега бу ҳолат хавфли?

Асабийлашиш вақтида ажраладиган кортизол гормони даражаси баланд бўлиб қолса, у нафақат кайфиятни, балки соғлиқни ҳам емиради. Доимий равишда шундай ҳолатга тушиб туриш қуйидагиларга сабаб бўлади:

  • Уйқусизлик ва чарчоқ. Стрессдан кейин мия сигналлашган ҳолатида қолади, дам олмайди. Натижада одам яхши ухламайди. Уйқу сифатининг бузилиши эса кунлик энергия, диққат-эътибор ва иш самарадорлигини пасайтиради. Бу ҳолат кучли неврозга олиб келиши мумкин.
  • Юрак-қон томир касалликлари. Асабийлашиш вақтида юрак тез уради, қон айланиши тезлашади. Ушбу ҳолат қон босимини кўтаради, юракка ортиқча юк туширади. Натижада инсулт ва юрак хуружлари хавфи ошади.