Корхона тарихига назар

“MARWIN BRANDS” МЧЖ 2007 йилда ташкил топган. Корхона бугунги кунда аҳил жамоа билан биргаликда барча севиб истеъмол қилаётган DENA шарбатини ишлаб чиқаради. Корхона маҳсулотларини 12 давлатга экспорт қилади. Ҳозирги кунда корхонада ёшларимиз учун 230 иш ўрни яратилган.

Байрамда янги лойиҳа

Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Швейцария, Италия, Болгариядан махсус ускуналар олиб келиниб, меваларни қайта ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. “MARWIN FRUITLINE” МЧЖ ташкил этилиб, умумий қиймати 14 млн доллар бўлган янги лойиҳа амалга оширилди. Натижада 120 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Корхонага яқин ҳудуддаги маҳаллалардан ишсиз эркак ва аёллар жалб этилди.

Энди мевалар исроф бўлмайди...

Корхона ишга туширилиши натижасида йилига 50 минг тонна қуюлтирилган мева шарбати ишлаб чиқаради. Корхона томонидан йилига 115,2 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва шундан 2,4 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Асосий мақсадимиз меваларнинг витамин ва табиийлигини йўқотмаган ҳолда қайта ишлаб чиқариш. Авваллари мевалар чириб, ерларда қолиб кетарди. Энди исроф бўлишига йўл қўймаймиз,”дейди “MARWIN BRANDS” МЧЖ директори Дилмурод Разаков.

Витаминларга бой, экологик тоза шарбат

“MARWIN FRUITLINE” корхонаси 2024 йил таъсис этилган. Президентимизнинг 2024 йил август ойида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига 200 гектар ер қўшиб бериш тўғрисидаги қарори чиқарилган эди. Шунга асосан “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалидан 5 гектар ер ажратилиб берилди. Бир йил ичида қурилиш ишларини амалга оширдик. Бугун эса корхонанинг очилиш маросимидамиз. Корхонага Швейцария, Италия, Болгариядан олиб келинган жиҳозлар ўрнатилган. Биринчи босқич тўлиқ ишга тушгандан кейин 50 минг тонна мева қабул қилиб қайта ишланади. 8 минг тоннага яқин тайёр маҳсулот – қуюлтирилган олма, анор, олча шарбатлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.