Мана, навбатдаги ҳафта ҳам ортда қолди. Ўтган кунлар давомида Ўзбекистоннинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва кўплаб соҳаларида қатор ўзгаришлар, янгиликлар содир бўлдики, уларнинг энг саралари билан сизни умумий тарзда таништириб ўтамиз.

Ислом Каримов хотираси

30 январь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг туғилган куни мамлакат бўйлаб кенг нишонланди.

Шу куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд айёми куни муносабати билан президентнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева Facebook саҳифасида отасини хотирлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф буюрди. Бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида халқ ўзининг биринчи юртбошисини хотирлади.

Шавкат Мирзиёевнинг янги қарор ва фармонлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган, халқ ҳаётини янада енгиллаштиришга қаратилган муҳим қарор ва фармонларга имзо чекди. Президент 30 январь куни Оролбўйи минтақаси аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш бўйича қарорини имзолади. 1 февраль куни имзоланган «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  қарорда тадбиркорларни Адлия вазирлиги рўйхатга олиши белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, давлат раҳбари тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қарорини имзолади. 2 февраль куни эса пенсиялар ва стипендияларни нақд кўринишда тўлаш ҳақидаги қарор имзоланди. 

Давлат раҳбари Тошкент бўйлаб айланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Тошкентда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Жумладан, у пойтахтнинг Чилонзор туманидаги янги йўл ўтказгич қурилаётган ҳудудда бўлди. Сўнгра Сергелида ер усти метроси қурилишини бориб кўрди. Айнан шу тумандаги «Тошкент металлургия заводи» хорижий корхонаси қурилиш лойиҳаси билан танишди. Давлат раҳбари ушбу ташрифлар давомида Тошкентнинг 10 туманида 10тадан кўп қаватли уйлар қурилишини маълум қилди. Президент Яккасарой технопаркида раҳбарларга маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича топшириқлар берди. Давлат раҳбари шу куни Тошкентдаги муз саройи қурилиши бориб кўрди ҳамда Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди. 


Лавозимий ўзгаришлар

Ҳафта давомида Ўзбекистоннинг юқори ташкилотларида, давлат бошқаруви органларида лавозимий ўзгаришлар амалга оширилди. Масалан, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари Сенатга янги сенаторларни тақдим этди,Собиқ прокурор Қорақалпоғистон Республикаси "Халқ қабулхонаси"га раҳбар бўлди ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига янги раҳбар тайинланди. Бундан ташқари, Алишер Хўжаев ЎзМТРК раҳбарлигидан кетган бўлса, Ўзбекистон шахмат Федерациясига ҳам янги президент сайланди. Куни кеча Самарқанд шаҳри ҳокими ўзгарди. Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистон гимнастика федерацияси президентлигига қайта сайланди

Танқид ва таҳлил

Ўтаётган ҳафтада ҳам жамиятда кўзга ташланаётган қатор муаммолар тилга олинди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида жойлашган “Сурум” маҳалласида, аниқроғи, Аманова кўчасида ноқулай келган об-ҳаво оқибатида сув тошқини юзага келди. Воқеа жойидан фоторепортаж тайёрланди.  Янгийўлнинг 20 йилдан бери таъмирланмаган кўчалари ҳақида сўз юритилди. “Самарқандда йўлни ким тўсиб қўйди: ҳоким, прокурор ёки ЙҲХБ бошлиғи?” мақоласи ҳам кўплаб эътирофларга сазовор бўлди.  “Нима учун журналист ўзининг ҳақ сўзи учун азоб чекиши керак?” мақоласида журналист ва мансабдор шахслар ўртасидаги муносабатлар тилга олинади.  Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган 97-мактаб ўқувчилари ота-оналаридан мактаб олдидаги ноқулайликлар бўйича мурожаат келиб тушди ва масалага ҳам атрофлича тўхтаб ўтилди.  “Порталга ёзаман” ёхуд унутилаётган фаросат” мақоласи ўқувчилар томонидан энг кўп қизиқиш билдирилган мақола бўлди

Бундан ташқари...

Ўзбекистонликлар Беларусь, Россия ва Қозоғистонга нос олиб кириш тақиқланганидан огоҳлантирилди 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак" номидаги китоби "Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди

23 январь куни техник-профилактик ишлар ўтказилиши сабабли вақтинча тўхтатилган «Тошкент—Андижон—Тошкент» йўналишида қатновчи 61/62, 60/59–сонли йўловчи поездларининг қатнови қайта тикланди. 

Ўзбекистоннинг айрим йўлларида яқин орада янги қоида кучга кириши кутилмоқда. Автомобиллар билан гавжум чорраҳаларда ҳаракатни енгиллаштириш мақсадида, тақиқловчи чироқ ёниб турганда ҳайдовчига ўнгга бурилишга рухсат берилади. Айни вақтда бу лойиҳа синовдан ўтказилмоқда

«Sport» телеканали Италия ва Франция чемпионатлари трансляцияси ҳуқуқини сотиб олди