18:53 / 09.01.2020
1
27456
Жиззахда бир оиланинг 4 аъзоси ис газидан вафот этди

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида бир оиланинг 4 аъзоси ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берган.

«Бугун соат 14:04 атрофида Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига тумандаги «Кўкгумбаз» МФЙ қарашли Қоронғул қишлоғида яшовчи, 1987 йилда туғилган Д.Ш. хонадонига чақириқ қайд этилган.

Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига зудлик билан етиб борганида оила аъзолари, хонадон соҳиби Д.Ш, унинг турмуш ўртоғи, 1987 йилда туғилган Н.Ш, 6 ёшли ўғли А.Й. ҳамда 3 ёшли қизи О.Й.да биологик ўлим аниқланган. 

Уларни бирламчи текширувдан ўтказилганда «ис газидан  ўткир заҳарланиш» дастлабки ташхиси қўйилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ғаллаорол туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

5 январь куни Фарғона вилоятининг Қува туманида бир оиланинг икки фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этди, шу куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида бир аёл ва унинг 2 ёшли фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top