15:20 / 03.02.2022
4172
ТДТУ ва ТАТУнинг Қарши филиалида офлайн таълимга босқичма-босқич қайтилади

Тошкент давлат техника университетининг 1-курс талабалари 21 февралдан, 2-курс талабалари 14 февралдан, 3- ва 4-босқич талабалари эса 7 февралдан анъанавий дарсларга қайтади. 1- ва 2-курс талабалари 7 февралдан бошлаб офлайн ўқиш бошлангунча таътилда бўлади. ТАТУнинг Қарши филиалида ҳам талабаларга янги семестр олдидан қисқа таътил берилади.

Фото: Тошкент давлат техника университети

Тошкент давлат техника университетида анъанавий (офлайн) дарсларга қайтиш графигига асосан, талабалар университетга босқичма-босқич қайтишади.

ТДТУнинг 1-босқич талабалари 21 февралдан, 2-босқич талабалари эса 14 февралдан, 3- ва 4-босқич ҳамда магистратура талабалари 7 февралдан офлайн ўқишга қайтади.

Университет Ўқув ишлари бўйича проректори Орифжон Зарипов Kun.uz билан суҳбатда маълум қилишича, мазкур график август ойида тасдиқланган.

1-босқич талабалари 21 февралдан, 2-босқич талабалари 14 февралдан, 3- ва 4-босқич ҳамда магистратура талабалари 7 февралдан офлайн ўқишга қайтиши рост. Бироқ бу график ўқув йили бошида, яъни ўтган йил август ойида тасдиқланган.

1- ва 2-босқич талабалари кредит-модул тизими бўйича керакли балларни тўплолмай, қарздорлик вужудга келадиган бўлса, етарлича балларни тўплашга улгуришлари учун график бўйича улар баҳорги семестрни кечроқ, яъни 21 ва 14 февралдан бошлашади.

1- ва 2-босқич талабалари 14 ва 21 февралгача онлайн кўринишда таълим олишмайди. Модул тизими бўйича қарздорлиги бўлмаган талабалар ўқиш бошланишини кутади, қарздорлиги бор бўлган талабалар эса ўқиш бошлангунча бўлган даврда қайта топшириш орқали керакли балларни тўплайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам улар онлайн шаклда ўқимайди”, – деди проректор.

Айни пайтда, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали ҳам кундузги таълим шаклидаги талабалар учун ўқув жараёни графиги тасдиқланганини маълум қилди. Унга кўра:

  • 1-курс талабалари: 7 мартдан анъанавий тарзда баҳорги семестр учун ўқув жараёни бошланади. 12 февралгача оралиқ ва якуний назоратларни ОНЛАЙН топширишади. 14 февралдан 5 мартгача таътилда бўлишади.
  • 2-курс талабалари: 14 февралдан анъанавий тарзда баҳорги семестр бошланади. 7 февралдан 14 февралгача таътилда бўлишади.
  • 3-курс талабалари: 21 февралдан анъанавий тарзда баҳорги семестр бошланади. 7 февралдан 19 февралгача таътилда бўлишади.
  • 4-курс талабалари: 7 февралдан анъанавий тарзда баҳорги семестр бошланади.
  • Магистратура талабалари: 21 февралдан анъанавий тарзда баҳорги семестр бошланади. 7-19 февраль кунлари таътилда бўлишади.

Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистондаги барча таълим даргоҳлари 7 феврал, душанбадан бошлаб анъанавий дарсларга қайтиши эълон қилинди.

Top