Ўзбекистон | 21:56 / 30.03.2023
15557
5 дақиқада ўқилади

“Ҳар беш минг ёки ўн минг одам партия очаверса, сайлов варағи ҳам етмай қолади” — адлия вазири

Адлия вазири Акбар Тошқуловга кўра, Ўзбекистонда сиёсий партияни рўйхатга олишда талаб этиладиган 20 мингта овоз кўп эмас, бу Ўзбекистон аҳолиси нуфусининг 1 фоизини ҳам ташкил этмайди. Вазирнинг бу сўзлари муҳокамага сабаб бўлди.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Журналист Шаҳноза Тўрамуродова адлия вазири Акбар Тошқулов билан учрашувда сиёсий партияларни рўйхатда олишда бугунги кунда амалда бўлган 20 минг имзо тўплаш талаби жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлиб келаётгани, фаоллар бу талаб юмшатилиши тарафдори экани ҳақида тўхталиб, Адлия вазирлиги жамоатчиликнинг бу борадаги таклифлари асосида қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш нияти бор-йўқлиги билан қизиқди. Вазир бунга жавобан аҳоли сонига қиёсан олинса, 20 минг имзо талаб этилаётгани аслида жуда кам эканини таъкидлади.

“Бизнинг нуқтаи назаримизга кўра, [партияни рўйхатдан ўтказиш учун талаб этиладиган] 20 минг [имзо] кўп эмас. Бу ҳозир аҳолининг неча фоизини ташкил қилади? Агар аҳоли 36 миллион киши бўлса, бу 1 фоиздан кам. Бу жуда кам, бу нормал.

Бошқа давлатларнинг ҳам тажрибасини ўрганганмиз. Уларда ҳам бизникидан кескин фарқ қилмайди. Тасаввур қилинг, ҳар беш минг ёки ўн минг одам партия очаверса, қанча партия бўлиб кетади? Сайлов варағи ҳам етмайди. Шунинг учун бундай тўсиқлар бор.

Чунки партия кўпчилик аҳолининг манфаатини ифода қиладиган, кўпчиликнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларини кўрсатадиган ташкилот. Шунинг учун бутун дунёда [имзолар] сонига нисбатан чекловлар бор”, дея Акбар Тошқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга кўра, партиялар Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади. Бунинг учун эса Ўзбекистоннинг камида саккизта ҳудудида, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси талаб этилади.

Адлия вазири 20 минг одамни бирлаштира олган партияларнинг аризаси қонуний кўриб чиқилиши, имзолар қонуний бўлса, партияни рўйхатга олишда ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини қўшимча қилди.

“Бизга келган мурожаатларни қонуний тартибда кўриб чиқамиз. Бизга яқин орада бу борада ҳужжат келиб тушмаган. Қонунда белгиланган талабга жавоб берса, партиялар рўйхатдан ўтиши мумкин. Йигирма минг одамни бирлаштирсин, ҳеч қандай масала йўқ. Уларнинг имзосини тўплаш керак. Имзоси қонуний бўлиши керак”, дейди Акбар Тошқулов.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов адлия вазирининг позициясини “тўлиқ авторитар” деб атаган.

“Ўзбекистонда, мана ўттиз йилдирки, расман беш партияли, де-факто, бир партияли тизим. Бир партияли дейишимнинг сабаби партиялар ўзаро ҳам курашмайди, ҳукуматни-ку умуман тергай олмайди.

Ҳар битта сиёсий тизимнинг фундаментал фалсафаси бўлади. Партияларнинг кўп ва фаол бўлиши – халқ давлатни, парламентни ва ижроия ҳокимиятини бошқаряпти дегани.

Партиялар тузиш қийинлаштирилганми, демак, бу ерда энг асосий демократик механизм ишламаяпти. Демократик қоидага кўра, халқ ўзи истаган партияларни тузади ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ўзининг ғоя ва дастурларини сайловга қўяди ва овоз ололса, ҳокимиятга айланади”, дейди эксперт.

У қўшни Қозоғистонда сиёсий партияларни рўйхатга олиш осонлаштирилгани, илгари бунинг учун 20 минг имзо талаб қилинган бўлса, мазкур талаб тўрт мартага қисқартирилиб, 5 мингга туширилганини эслатган.

“Аҳолиси икки баравар кўп бўлган Ўзбекистонда эса, ҳаттоки 2016 йилдан кейин ҳам бирон бир партия лойиҳаси рўйхатдан ўта олмади. Яна ўша 20 минглик барьерни оқлаш кетяпти. Яна жамиятни айблаш ҳам бор... Халқ иродасидан қўрқиш ҳали ҳам сақланиб қоляпти. Аслида, жамият манфаатларини қондириш орқали ҳам лидерликни сақлаб, мустаҳкамлаб борилса бўларди...”, дея таъкидлайди сиёсатшунос.

Аввалроқ ҳуқуқ фаоли, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов 2017–2021 йилларга мўлжалланган стратегия бўйича мамлакатда сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш кўзда тутилган бўлса-да, шундан бери бирорта янги партия юзага келмагани, бу борада ўзига хос тўсиқлар борлигини тилга олганди.

“Масалан, маълумот учун айтишим мумкин, Россия қонунчилигида сиёсий партияни рўйхатга олиш учун 500та имзо кифоя қилади. Ҳолбуки Россия Федерациясида 146 млн аҳоли яшайди. Ҳатто унчалик демократик бўлмаган Туркманистон ёки Беларусда [сиёсий партияни рўйхатга олиш учун] 1000та имзо етарли”, деб айтганди у.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистонда расман бешта сиёсий партия (Ўзбекистон либерал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, «Адолат» СДП, ХДП, Ўзбекистон Экологик партияси) рўйхатга олинган. 2020 йилда ушбу партияларнинг умумий харажати 101 миллиард 108 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилган.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери