Жамият | 16:41 / 02.02.2021
30181
7 дақиқада ўқилади

Баралла янграётган азон овози ва йўқотилган «қора рўйхатлар» – Шавкат Мирзиёев диний соҳада қандай эркинликларни қайтарди?

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг диний эркинликларни таъминлаш борасида ижобий қадамлар ташланмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда аста-секинлик билан аввал ёпилиб кетган масжидлар қайта очилмоқда, илгари баланд овозда айтилиши тақиқланган азон овозлари қайтди, юртимизда илк бор Мусҳафи шариф чоп этилди ва Қуръон мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, халқ орасида «борса келмас» дея таърифланган Жаслиқ қамоқхонаси ёпилди, диний эътиқоди туфайли қамалган минглаб маҳбуслар афв этилди ва диндорлар учун тузилган «қора рўйхат»лар бекор қилинди.

Албатта бундай ижобий ўзгаришлар мамлакатнинг халқаро имижига ҳам таъсир қилмай қолмаяпти. Ўзбекистон 2018 йил АҚШнинг диний эркинлик бўйича «қора рўйхати»дан, 2020 йилнинг декабр ойида эса диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан (Special Watch List) чиқарилди.

2019 йил 2 август куни президент қарори билан Қорақалпоғистонда жойлашган халқ учун «ичкаридаги» қийноқларнинг рамзи ва борса келмас дея таърифланадиган Жаслиқ қамоқхонаси ёпилди, маҳкумлар тайинланган жазо турига қараб бошқа қамоқхоналарга кўчирилди. Шунингдек, Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакиллари 2016 йилдан Ўзбекистондаги қамоқхоналарда маҳкумларга кун тартибини бузмаган ҳолда намоз ўқиш ва рўза тутишга рухсат берилганини маълум қилди.

Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган кишиларнинг рўйхатини олиб бориш амалиётига чек қўйилди.

Умра зиёратига борувчилар сони дастлаб 2018 йилда 6 минг кишидан 10 минг кишига оширилди, 2019 йилга келиб умрага борувчилар сонига қўйилган чеклов бутунлай бекор қилинди ва ушбу муқаддас сафарга чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкинлиги белгиланди.

Ҳаж зиёратига борувчилар сони ҳам 2017 йилда 5200 нафардан 7200 нафарга оширилди. 2020 йил февралдан Тошкент-Мадина йўналишида авиақатновлар йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Умра ва Ҳаж зиёратларини ташкил қилиш учун сайёҳлик фирмаларига рухсат берилмаётгани кўпчилик тадбиркорларни ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг норозилигига сабаб бўлмоқда, шунингдек, бу – бозордаги яна бир соҳа монополлашувига олиб келмоқда.

2018 йилда президент қарори асосида Вақф фонди ташкил қилинди. Хайрия жамоат фонди асосан 3та: вақф, хайрия, закот (ушр, фидя, фитр садақаси) ҳисоб рақамларига тушадиган маблағларни тасарруф этиш имконига эга бўлди. Дастлаб Фонднинг фаолиятига доир кўплаб шубҳали гап-сўзлар тарқалган бўлса-да, ташкилот минглаб беморлар, қийин аҳволда қолган оилалар ва толиби илмларга ёрдам беришга улгурди. Ҳозирда янги тайинланган раҳбар ташкилот олдига янги мақсадлар қўйиб, олдинга интилмоқда.

Исломнинг шиорларидан бўлган азонни яна овоз кучайтиргичлар орқали айтишга рухсат берилиши миллионлаб қалбларни эритиб юборди десак муболаға бўлмаса керак. Ахир халқимиз бу овозни бемалол эшитишни неча йиллаб кутганди, ҳаттоки ўз телефонига азон овози ёзиб олишга қўрқиб юрган инсонлар бўлган. Бугун эса баланд миноралардан баралла азон овозлари янграмоқда.

Шунингдек, аста-секинлик билан бўлса-да, юртимизда аввал ёпилган масжидлар очилмоқда ёки қайта қурилмоқда. Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда 40та янги масжид очилган ва 500дан ортиғи қайта таъмирланган. 2021 йилнинг 26 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги масжидлар сони 2081тани ташкил қилмоқда.

Лекин бу рақамлар ҳатто аҳолиси биздан камроқ бўлган қўшниларимиздаги масжидлар сони ҳам биздагидан кўпроқ эканини кўрсатмоқда. Айни вақтда таҳририятда масжид сифатида фаолият юритиш учун барча ҳужжатларни топшириб ҳам рухсат ололмай турган юзлаб фуқароларнинг аризалари бор…

2020 йилда Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз яқинлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб расмий баёнот бергани яна бир қувончли ҳолат бўлди. Шундан сўнг, ҳар тугул болаларнинг масжидга киришига тўсқинликлар камайиб қолди.

2019-2020 йилларда президентнинг ташаббуси ва назорати остида ўтказилган «Меҳр» операциялари давомида Яқин Шарқдаги можаро ҳудудларидан 300дан ортиқ юртдошларимиз қайтариб олиб келинди. Қайтарилганлар дастлаб махсус санаторийларга жойлаштирилиб, иссиқ овқат ва кийим-кечак билан таъминланди, уларга шифокорлар, руҳшунослар ва устозлар бириктирилиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тиклаб берилди. Дин ишлари бўйича қўмита масъули Музаффар Комилов агарда «қўли қон бўлмаса», вақти-соати билан «Меҳр» операциялари доирасида эркаклар ҳам қайтарилишини билдирди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида президент ташаббуси билан Ислом цивилизация маркази қурилмоқда. Ислом илмларининг ривожланиши ва бой тарихий меросимизни ўрганишга мўлжалланган ушбу маскан қурилишини шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бир неча марта бориб кўздан кечирди.

2018 йилда президент ташаббуси билан туман, вилоят ва республика босқичлари асносида Қуръон мусобақаси ўтказилди. Унда Аллоҳнинг каломини ёд олган, уни қалб тубида жойлаган минглаб қори ва қориялар самимий беллашди. Мусобақанинг олий ўрнига муносиб кўрилган Йўлдошбек қори Нуриддиновга «Жентра» русумли автомобил ютуқ тариқасида тақдим этилди.

Аммо президент ташаббуси билан республика миқёсида ўтказилган Қуръон ва ҳадис мусобақалари 2018 йилдан сўнг бундай кенг миқёсда ўтказилмай қўйилди.

Президент аввалги даврда расмий доираларда исми тилга олинмай келган замондош уламо шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад ҳазратларининг меҳнатларини эътироф этди. Мирзиёев ҳазратнинг ўғиллари билан учрашиб, Тошкент шаҳридаги катта масжидга у кишининг номлари берилишини, у кишининг катта илмий меросини ўрганиш лозимлигини айтди.

Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад ҳазратлари асос солган «Ҳилол нашр» нашриётида Ўзбекистонда тарихида илк бор Мусҳафларни чоп қилиш бошланди.

Шу билан бирга, жамиятнинг фаоллашуви натижасида кўп йиллар давомида сақланиб турган муаммолар ҳам кўтарилди. 2018 йил Малика бозорида юзлаб йигитларнинг соқоли мажбурий олиниши инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, йирик халқаро нашрлар ва кенг жамоатчилик томонидан жуда салбий қарши олинди ҳамда ҳукуматнинг имижига бир қадар путур етди.

Кейинроқ, Фарғонанинг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев аёлларнинг рўмол ўраши борасидаги гаплари ҳам жамоатчиликнинг ғазабига учради.

Ғаниевнинг гаплари интернетда тарқалган куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Кўксаройда ўтказилган маросимда Ўзбекистонда рўмолга ҳеч ким ҳеч қачон тақиқ қўймаслигини маълум қилиб, хавотирларга ўрин қолдирмади.

«Ижтимоий тармоқларда турли масалалар кўтариляпти. Қандай ярашади ўзбекона рўмоллар. Қандай ярашади ўзбекона кийинишларимиз. Шу туришингиз муқаддас ўзбек онаси тимсоли. Меҳрли онамиз, сингилларимиз мана шундай юришига ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмайди Ўзбекистонда», – деган эди Мирзиёев.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида диний эркинликларни таъминлаш борасида салмоқли ишлар қилинди ва кўплаб мантиқсиз тақиқлар бекор бўлди. Одамлар ҳам бу эркинликларни ҳис қилиб, тадбирларда ёки жамоат жойларида ҳам Қуръон ва ҳадисдан иқтибос келтириб, ўз эътиқодлари ҳақида бемалол гапира бошлади. Аслида, бу демократик давлат учун оддий ҳол бўлса-да, 2016 йилдан сўнг бошланган эркинликларни ҳис қилишда муҳим омил ҳисобланади.

Ушбу эркинликлар сақлаб қолиниши ва босқичма-босқич халқаро демократик тамойилларга мослаштирилиши ҳам керак.

Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид