Ўзбекистон | 09:20 / 06.07.2025
15148
16 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги “от ўйинлар”, ўғирланган банкир ва порахўр судя — ҳафта дайжести

Шаҳар ўртасида ҳеч қанақа ҳужжатсиз қурилган заправканинг портлаши: инсон ҳаёти машинадан ҳам арзонга баҳоланди. Порахўр судя бошқа бир порахўрни оқлаб бермоқчи бўлди, тўлов эса исталган услубда: нақдингиз бўлмаса, “клик” қилса ҳам бўлади. Ҳолливуд кинолари ҳаётга кўчганда: ўзбек банкири Парижда ўғирлаб кетилди. Ўнлаб жарималари ўчирилган Malibu: қоидабузар ЙҲХБ бошлиғининг хотини бўлиб чиқди. Ортда қолган ҳафта воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Фарғонадаги портлаш: суд ҳукмидан нималар маълум бўлди?

Ўзбекистонда ҳеч қанақа ҳужжатсиз, шаҳарнинг ўртасига пропан шохобчаси қурса бўлар экан. Бу ноқонуний шохобча ишга тушиб, токи портлаб кетмагунча, унинг ноқонунийлиги билан бирор бир давлат идорасининг иши бўлмас экан. Ҳатто бу шохобчага ҳеч қанақа ҳужжатсиз, улгуржи тарзда пропан етказиб берувчилар ҳам топилар экан. Энг ачинарлиси, жиноят натижасида ёниб кетган инсонлар ҳаётининг қиймати – автомобилга етган зарар қийматичалик эмас, деб баҳоланиши мумкин экан.

Аҳволимиз шу даражада эканини бизга “Farg‘ona Layli Naxor” хусусий корхонаси исботлаб берди. Афсуски, бу аччиқ исбот учун жамиятимиз тўрт инсоннинг, жумладан учта боланинг ҳаёти билан товон тўлади.

24 июн куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган бензин ва пропан қуйиш шохобчасида декабр ойида рўй берган портлашга оид жиноят иши доирасида судланувчиларга ҳукм ўқилди. Ҳукмдан маълум бўлишича, шохобча раҳбари Мансур Маткаримов муқаддам содир этган жинояти учун берилган синов муддатини ўтаб бўлмай туриб, янги жиноятга қўл урган. У ўтган йили август ойида ўзи бошқараётган бензин шохобчаси ҳудудида ҳеч қанақа ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан пропан қуйиш ускуналарини ўрнатган. Кейинроқ, пропан сотиш учун лицензияси бўлмаса ҳам, “GTL Gaz” МЧЖдан бир нечта партияларда ўнлаб тонна пропанни оғзаки келишув асосида сотиб олиб, автомобилларга қуя бошлаган.

Кўза кунда эмас, кунида синади. Шохобча ноқонуний тарзда пропан сота бошлаганидан бир неча ҳафта ўтиб, “кўза”нинг синадиган куни келган. Навбатдаги партияда олиб келинган 20 тонналик пропанни синовдан ўтказилгани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган контейнерга қуйиш вақтида контейнер ёрилиб, суюлтирилган газ атрофга тарқалиб кетган. Атрофни қоплаб олган оқ рангли газ шу яқин атрофда жойлашган “Орзу” кафесигача етиб бориб, у ердаги ёнғин манбайи билан таъсирланиши натижасида катта портлаш келиб чиққан.

Натижада шохобчага яқин жойга ўз машинасида келган бир аёл, унинг 2 ва 4 ёшли икки ўғли ҳамда 18 ёшли жияни ҳалок бўлган. Яна 9 киши куйиш жароҳатини олган. 4 та кўп қаватли уй ва 19 та автомобилга зарар етган. Фожиада қизи ва уч набирасидан айрилган Жамила Орипованинг Kun.uz'га айтишича, шохобча эгаси Азизхўжа Мавлонов тўрт нафар қурбоннинг ҳар бири учун 25 минг доллардан компенсация беришини ваъда қилган, лекин ҳозиргача фақат 5 минг доллар берилган. Суд ҳукмида ҳар бир жонга 310 млн сўмдан маънавий зарар ундириш белгилангани – ана шу айтилган 25 минг долларга мос келади.

Бу ўринда, инсон ҳаёти учун тўланадиган товон миқдори – воқеада зарар кўрган айрим машиналарнинг баҳоланган қийматидан ҳам камлиги эътиборли. Хусусан, BMW X3 автомобилига етган зарар 52 минг долларга, Kia K8 автомобилига етган зарар 34 минг долларга баҳоланган. Бошқача айтганда, айбдорлар уларнинг айби билан ёниб кетган одамлардан ҳам кўра, ёниб кетган машиналар учун кўпроқ товон тўлайди.

Мансур Маткаримов судда берган кўрсатмасида АЁҚШни эгаси Азизхўжа Мавлоновдан оғзаки келишув асосида ижарага олганини, шохобчани пропан ҳам сотишга мослаштирганидан Мавлонов бехабар бўлганини айтган. Суд Маткаримовни 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Сохта ҳужжатлар тайёрлаб берган икки шахсдан бири 4 йил-у 3 ойга, иккинчиси 3 йилга қамалди. Қурилиш-монтаж ишларини бажарган шахсга эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Бу иш бўйича жамоатчиликда суд ва тергов жараёнлари билан боғлиқ кўплаб саволлар очиқ қолди. Агар давлатнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги юқори мамлакатларда бўлгани каби матбуот анжумани ўтказилганида, ана шу саволлар янграган бўларди. Ўзбекистонда эса реаллик буткул бошқача: матбуот анжумани ўтказиш тугул, масъул ташкилотлар суд ҳукми чиққани ҳақида бир энлик расмий хабар бериб қўйишга ҳам ярамади.

Ўзбек миллионери Парижда ўғирлаб кетилди

Ўзбекистонда миллиард долларлик бизнес эгасининг Парижда, худди кинолардагидек ўғирлаб кетилиши, кейинроқ гаров эвазига қўйиб юборилиши – ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири бўлди. Маълум бўлишича, Анорбанкнинг асосий акционери Қаҳрамон Олимов 23 июн куни Парижда ўғирлаб кетилиб, 10 млн доллар бериши учун қийноққа солинган, бизнесмен 200 минг доллар аванс бергач, қўйиб юборилган.

Тергов ҳужжатлари билан танишган Le Monde'нинг ёзишича, 48 ёшли банкир Францияга 22 июн куни, француз ҳамкорлари билан учрашиш ва кўчмас мулк сотиб олиш мақсадида борган. Шу куни у ўзи жойлашган меҳмонхона барида ўтирганида, ўзини Анастасия деб таништирган бадавлат кийимдаги бир аёл келиб, танишишни таклиф қилган. Туркияда гўзаллик салонида ишлашини айтиб, инглиз ва рус тилларида гапирган аёл, бизнесменни балиқ ресторанида тушликка таклиф этган. Улар меҳмонхонадан чиқиб, бир неча қадам юришгач, хиёбонда нотаниш шахс уларни тўхтатган. Бу шахс рус тилида, “чеченча акцент” билан гапирган ва икки шериги билан бирга, Олимовнинг қўлларини қайириб, микроавтобусда олиб кетган.

Микроавтобус бир неча соат юриб, банкирни баланд панжарали уйга олиб борган. Қаҳрамон Олимов у ерда йирик банкдаги собиқ шериги бўлмиш Б.Р.нинг ишончли вакилига дуч келган. Олимов тергов пайтида Б.Р.ни “қонундаги ўғри” ва нуфузли жиноий гуруҳ аъзоси деб атаган. Унинг сўзларига кўра, улар ўртасидаги низо – ўша йирик банкдаги улушлар билан боғлиқ: Б.Р. Қаҳрамон Олимовни ўзи вақтинча Туркияда қувғинда бўлган пайтидан фойдаланиб, ўша йирик банкдаги улушини сотиб олганликда айблаб келади.

Ўғрилар Қаҳрамон Олимовни аввал шу ерда, кейин Ниццааги вилла ертўласида калтаклашган, ҳатто бўйнига тиғ тортишни имитация қилишган. Охир-оқибат банкир 5 млн долларлик қарз ҳақида тилхат ёзиб беришга мажбур бўлган. У ҳайдовчиси орқали Тошкентдаги воситачига 200 минг доллар аванс ўтказиб бергач, қўйиб юборишган.

Француз газетаси бу воқени “Парижнинг бой туманларидан бирида юз берган ҳақиқий ўғирлаш ҳодисаси” деб атади. Нашрнинг ёзишича, “жосуслик романларига хос бундай воқеа”дан француз полицияси ва прокуратураси “ҳайратдан ёқа ушлаб қолган”. Жабрланувчининг аризасидан кейин, полиция турк миллатига мансуб бир гумонланувчини қўлга олган. Қаҳрамон Олимов дарҳол Тошкентга қайтиб, ўзига қўриқчи ёллаган. Ўғриликнинг тахминий ташкилотчиси эса унга Telegram орқали таҳдид ва талаблар юборишда давом этмоқда.

Порахўрликлар “хит-паради”

Ўзбекистонда одам ўғирлашга буюртма берадиган бизнесменлар билан бирга, порани пластик карта орқали оладиган довюрак мулозимлар ҳам бор экан. Пайшанба куни Олий суд жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Янгиариқ туман судининг тергов судяси қўлга олингани ҳақида хабар берди. ДХХнинг аниқлик киритишича, судя Тупроққалъа туманидаги судда кўриб чиқилаётган порахўрлик жиноятида ҳамкасблари орқали судланувчига оқлов ҳукми чиқартириб бериш ваъдаси билан 15 минг доллар сўраган. Шундан 2 минг долларини нақд шаклда, 24 млн сўмни эса пластик карта орқали олган. Лекин берган ваъдасининг устидан чиқа олмаган судя, олган пулларининг бир қисмини қайтараётган пайтида, қўлга тушган.

Тезкор тадбирда қўлга олинган яна бир мансабдор Оҳангарон шаҳар ҳокимлигида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. У фуқарога ҳокимият балансига ўтказилиши режалаштирилаётган 3 хонали хонадонни суд тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Амалдор бунинг учун 18,5 минг доллар талаб қилиб, шундан 9,5 минг долларини олганида ушланган.

Порахўрлик жиноятлари бўйича ҳафта “хит-паради”нинг учинчи ўрнини самарқандлик мансабдор эгаллади. Техник тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Самарқанд вилояти бўлими бош мутахассиси 3 минг доллар сўраб, шундан 2,5 минг долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида қўлга тушди. У Пахтачи туманидаги ғишт заводида аниқланган камчиликларни бўрттириб, сифатсиз ғишт ишлаб чиқарилгани учун 226 млн сўмлик жаримани 25 млн сўмга тушириб бериш учун пора сўрагани айтилмоқда.

Яна Фарғона...

Ҳафта давомида мансаб ваколатидан четга чиқиш билан боғлиқ яна иккита ҳолат ўз тасдиғини топди, лекин улар бўйича бирор бир иш очилганидан дарак бўлгани йўқ. Ҳафта бошида биз юқорида келтириб ўтганимиз пропан портлаши тафсилотлари билан бутун Ўзбекистон эътиборини тортган Фарғона, ҳафта охирига келиб яна диққат марказига тушди. Биз яна таажжуб билан “экан” сўзини ишлатишга мажбурмиз: Ўзбекистонда таниши бор ҳайдовчилар радар ва камераларга ҳам қарамасдан, хоҳлаганча ялло қилиши мумкин экан. Қайсидир фуқаро буни билиб қолиб, арз қилмагунча, ЙПХ ходимлари жарималарни бекор қилиб ўтираверар экан.

Шанба куни Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати давлат рақами 40 081 SBA бўлган Malibu'да содир этилган қоидабузарликлар бўйича 106 та жарима асоссиз бекор қилиб келингани ҳақида интернетда тарқалган маълумотни тасдиқлади. ИИБга кўра, бир муддат олдин бир фуқаронинг аризасига асосан хизмат текшируви ўтказилиб, бошқарманинг 5 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо тайинланган. Жарималар эса тикланган ва белгиланган тартибда ундирилган.

Kun.uz манбаларига кўра, жарималари асоссиз равишда ўчириб келинган Malibu автомобили – вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган. Аҳмедовнинг матбуот котиби бекор қилинган жарималар сони 61 та экани, улар 2024-2025 йилларда содир этилган қоидабузарликларга тааллуқли бўлганини айтди.

Интизомий жазо олгани айтилган бошқа бир ташкилот ходимларининг ҳам фаолияти автомобилга тааллуқли. Kun.uz май ойида Пискентдаги автополигонда навбатсиз сертификат олишнинг коррупциявий йўллари бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. UzTest'нинг маълум қилишича, 28 июнга навбати олинган автомобил учун 20 май куни сертификат берилгани ўз тасдиғини топган. Бунинг учун электромагнит мослашувчанлик лабораторияси мутахассиси ва иш юритувчисига интизомий чора кўрилган. Расмийларга кўра, ҳозирда бу каби коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш учун электрон тизимга ўзгаришлар киритилган ва навбати келмаган машинага сертификат бериш имконияти чеклаб қўйилган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ички авиарейслар йўловчилари энди аэропортга паспорт кўтариб бориши шарт эмас. 1 июлдан бошлаб, аэропортларда ички рейслар учун паспортнинг электрон шакли билан рўйхатдан ўтиш мумкин бўлди. Бунинг учун телефонга MyGov иловасини ўрнатиб, ҳужжатнинг рақамли шаклини кўрсатиш керак бўлади. Ҳукумат қарорига асосан, бундай тартиб вокзалларда ҳам жорий этилиши керак. Умуман, 1 июлдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатишда 20 га яқин ҳужжатларнинг рақамли шаклини қабул қилиш мажбурий деб белгиланди. Лекин бу талаб йўлда тўхтатилган ҳайдовчиларга тааллуқли эмас. ЙПХ ходими тўхтатганида, ҳайдовчи бундан кейин ҳам ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев Озарбойжонга давлат ташрифини амалга оширди. 3 кунлик ташриф Бокунинг Москва билан можароси авж олган паллага тўғри келиб қолди ва сиёсатшунослар назарида, гарчи тасодиф бўлса-да, туркий бирликни урғуловчи яхши сигнал бўлди. Томонлар ўтган йили тузилган иттифоқчилик шартномасини рўёбга чиқариш бўйича йўл харитасини тасдиқлади, қатор ҳужжатлар имзоланди. 2030 йилга бориб ўзаро савдони 1 млрд долларга чиқаришга келишиб олинди. Шавкат Мирзиёев бу сафар ҳам Озарбойжон суверенитети тикланган Қорабоғда меҳмон бўлди. Бокуда 8,5 гектарлик Ўзбекистон боғи қурилиши бошланди, Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди. Икки давлат футзал бўйича жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилишни режалаштирмоқда.

Андижон вилояти Хўжаобод туманида профилактика инспектори хизмат вазифасини бажараётган вақтда ҳалок бўлди. Абдурасул Абдувалиев 102 рақамига тушган мурожаат асосида, оила аъзоларини ўлдириш билан таҳдид қилаётган эркакнинг хонадонига борганида, эркак уни пичоқлаб қўйган. 65 ёшли қотил орадан уч кун ўтиб қўлга олинди. Қабристондаги маккапоя ичида яшириниб ётган эркак тонг саҳарда рўй берган қўлга олиш чоғида ўзининг қорнига пичоқ билан жароҳат етказган ва шифохонага олиб борилган. Профилактика инспектори мадҳия садолари остида сўнгги манзилга кузатилди. Жаноза маросимида ИИБ ходимлари саф тортиб, марҳумга ҳурмат сифатида осмонга қарата бир неча бор ўқ узишди.

Қирғизистон аҳоли даромадларининг ўсиши бўйича Марказий Осиёда 1-ўринга чиқди. Қўшни мамлакатда аҳоли жон бошига даромадлар охирги 3 йилда 85 фоизга ошиб, 2 500 долларга етган. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткичлар 37 фоиз ва 3100 долларни ташкил этади. Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, бундай ўсиш тенденцияси сақланиб қоладиган бўлса, Қирғизистон 2027 йилга бориб жон бошига даромадлар бўйича Ўзбекистондан ўтиб кетади. 2030 йилга бориб, ўртача қирғизистонлик ўртача ўзбекистонликдан 1,5 бараварга бойроқ бўлиши мумкин.

Хусусий университетлар учун яна янги талаблар эълон қилинди. Ҳукумат қарорига кўра, бундан буён хусусий ОТМ очишни хоҳлаганлар камида 2 млн долларлик устав фондини шакллантириши, банкка 350 минг доллар депозит қўйиши, ўқув бинолари майдони 5 минг кв.метрдан кам бўлмаслиги, улардан фойдаланиш бўйича камида 5 йиллик ижара шартномасига эга бўлиши керак. Бундан ташқари, инвесторлар университет очганидан кейин 5 йил давомида соф фойданинг камида 80 фоизини, кейинги йилларда эса камида 50 фоизини қайта инвестиция қилишга мажбур. Эслатиб ўтамиз, май ойида ҳам хусусий, ҳам давлат олийгоҳлари учун янги талаблар белгиловчи фармон имзоланган эди. Ундан аввалроқ, айрим ташкилотлар хусусий университетларга ноқонуний “ўлпон” жорий қилишга уринган эди.

Қурилиш ойналарини қайта ишлаш учун утилизация йиғими жорий этилмоқда. Депутатлар 1 июл куни бу ҳақдаги қонунни биринчи ўқишда қабул қилди. Қонунни импортга чекловлари билан машҳур Техник тартибга солиш агентлиги ишлаб чиққан. Парламентда сўзга чиққан агентлик директори Акмал Жуманазаров қурилиш ойналари учун утилизация йиғими жорий этилишини экологик зарурат билан изоҳлади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда автомобиллар учун ҳам утилизация йиғими жорий қилинган, 1 майдан бошлаб янги электромобиллар учун бу йиғим миқдори 4 баробарга оширилган эди. Ҳозир электромобил харидорлари 3500 долларлик йиғимни нега тўлаётганини билмайди: утилизация ўлпонидан тушган триллионлар қаерга кетаётгани шу пайтгача очиқланмаган.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов

Мавзуга оид