Жамият | 20:39 / 02.07.2025
16053
2 дақиқада ўқилади

Хўжаободда қотиллик қурбони бўлган профилактика инспектори сўнгги манзилга давлат мадҳияси садолари остида кузатилди

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида пичоқлаб ўлдирилган профилактика инспектори Абдурасул Абдувалиевнинг жанозасида ИИБ ходимлари саф тортди ва ҳарбий оркестр томонидан давлат мадҳияси чалинди. Маросимда осмонга қарата ўқ ҳам узилган.

Фото: Видеодан кадр

Хўжаобод туманида қотиллик қурбони бўлган профилактика инспектори Абдурасул Абдувалиев сўнгги манзилга кузатилди. Kun.uz’га жаноза маросимидан олинган видеолавҳа келиб тушди.

Видеолавҳада кўринишича, профилактика инспекторининг жанозасида ҳарбий оркестр томонидан давлат мадҳияси ижро этилган. Шунингдек, маросимда ИИБ ходимлари саф тортиб, марҳумга ҳурмат сифатида қуролдан осмонга қарата бир неча бор ўқ узишган.

Эслатиб ўтамиз, Хўжаобод туманида оила аъзоларига пичоқ билан таҳдид қилаётган 65 ёшли эркак чақирувга асосан воқеа жойига етиб келган профилактика инспектори Абдурасул Абдувалиевни пичоқ билан жароҳатлаган. ИИБ ходими шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган. Қотил қидирилмоқда. ИИВ унинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга фуқаролардан зудлик билан хабар беришни сўради.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг билдиришича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда яширинган гумонланувчини қидириб топиш чоралари кўрилмоқда.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид