Қирғизистонда аҳоли жон бошига даромадлар охирги 3 йилда 85 фоизга ошиб, 2 500 долларга етган. Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, бу ўсиш тенденцияси сақланиб қоладиган бўлса, қўшни республика 2027 йилга бориб жон бошига даромадлар бўйича Ўзбекистондан ўтиб кетади. 2030 йилга бориб, ўртача қирғизистонлик ўртача ўзбекистонликдан 1,5 бараварга бойроқ бўлиши мумкин.
2022-2024 йиллар оралиғида Қирғизистонда аҳоли жон бошига даромад қарийб икки баробарга ошди. – Бу Марказий Осиёдаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботида қайд этилган.
Ҳисоботда келтирилишича, Қирғизистонда сўнгги уч йилда иқтисодий ўсиш ҳар йили 9 фоиздан бўлган. Жон бошига даромадлар эса 85 фоизга ўсиб, 2 500 долларга етган. Таққослаш учун, бу даврда жон бошига даромад Тожикистонда 49 фоизга, Қозоғистонда 42 фоизга, Ўзбекистонда 37 фоизга ошган.
ХВЖ маълумотларига кўра, Қирғизистонда жорий йилнинг биринчи чорагида ўсиш янада тезлашиб, 13,1 фоизга етган. Йил якунида умумий ўсиш 6,8 фоизни ташкил этиши, ўрта муддатли истиқболда эса бу кўрсаткич 5,25 фоизгача секинлашиши прогноз қилиняпти.
Ўзбекистонлик иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг эътибор қаратишича, агар Қирғизистонда иқтисодий ўсиш шундай суръатларда давом этса, мамлакат 2027 йилга бориб аҳоли жон бошига даромадлар бўйича Ўзбекистондан ўтиб кетади.
“Агар сўнгги уч йилдаги (доллардаги) ўртача ўсиш давом этса, унда Қирғизистон 2026 йилда жон бошига даромад бўйича мамлакатимизга деярли етиб олади, 2027 йилдан эса ўртача қирғизистонлик ўртача ўзбекистонликдан бойроқ бўлади. 2030 йилга бориб Қирғизистонда жон бошига даромад Ўзбекистонга нисбатан 1,5 баробарга юқорироқ бўлиши мумкин”, дея ёзди у.
Қаттиққўл ҳокимият ва уруш эффекти
Ўзбекистонлик бошқа бир таниқли иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, қўшни республикадаги кескин иқтисодий кўтарилишнинг асосий омили – қайта марказлаштириш сиёсатидир.














