Ўтган йили декабрда Фарғона шаҳридаги ноқонуний пропан шохобчаси портлаб, тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлганди. Бу фожиада бир қизи ва уч набирасидан айрилган Жамила Орипова Kun.uz'га мурожаат қилиб, жигарларини йўқотган мудҳиш кунни эслади, бўлиб ўтган суд жараёнидан норозилигини билдирди.
2024 йил 17 декабр куни Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган қўшёқилғи (бензин ва пропан) қуйиш шохобчасида портлаш рўй бериб, бир неча фуқаро ҳалок бўлган эди. Воқеада айбдор деб топилган тўрт кишига нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Асосий айбдор деб кўрилган, ўзини шохобчанинг раҳбари деб таништирган Мансур Маткаримов 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Мудҳиш ҳодисада Жамила ая Орипова бир қизи ва 3 набирасидан айрилган. 1988 йилда туғилган қизи Севара Юсупова, унинг икки фарзанди Муҳаммадюсуф Икромов (2020 й.т.) ва Зубайр Икромов (2022 й.т.) ҳамда Жамила Орипованинг катта қизининг 18 ёшли фарзанди Сўғдиёна Умрзоқова фожиа қурбонлари бўлишган.

“Невараларим Муҳаммадюсуф ва Зубайр бетоблиги учун 2024 йилнинг 17 декабр куни қизим Севара уларни болалар шифохонасига олиб борган. Навбат кўп бўлган. Вақт ўтказиш учун ўша портлаган заправка ёнидаги болалар ўйингоҳига киришганми, билмайман...
Тўсатдан қудам телефон қилиб: “Заправка портлаб кетибди, Севара қаерда” деб сўради. Мен қизим невараларим билан бирга шифохонада эканини айтдим. Қудам телефон қиляпман, олишмаяпти дея хавотирлана бошлади. Кейин мен ҳам телефон қилдим, кўтаришмади.

Кейин яна ва яна телефон қилдим. Бироздан кейин, қизимнинг телефонини ИИБ ходими кўтариб, телефон эгаси тез ёрдам бўлимида эканини айтди. Шошганимча шифохонага бордим. Лекин уларни топа олмадим.
















